Uncategorized

Тил билган эл билади

Ҳозирги даврнинг долзарб масалаларидан бири хорижий тилларни ўқитиш орқали ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур, юксак ахлоқ ва маънавият, қадимий ва бой меросимизга ифтихор туйғуси, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдир. Дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиш, оқини қорасидан ажратиб бориш, албатта, муҳим фаолиятдир. Зеро, дунёда бўлаётган жараёнларга эътиборсиз қолиб, кўз юмиб бўлмайди. Хорижий  тилларни ўрганиш  ва ўргатишга  юртимизда  катта ахамият берилмоқда.  Бугун  жахон  хамжамиятида ўзига  муносиб ўрин эгаллашга  интилаётган  мамлакатимиз  учун  хорижлик  чет  эллик  шерикларимиз билан ҳамжихатликда иш олиб борилаяпти.  Дархақиқат,  хорижий тилларни  билиш  натижасидагина  халкаро ҳамкорликнинг     ҳуқуқий  негизини яратиш  ва  унинг  устувор  йуналишларини  рўёбга  чиқариш,  халкаро таълим   тизимларини   ривожлантириш,   илмий-педагогик   кадрлар  тайёрлаш,   ёшларни хорижий   давлатларга   юбориш   оркали   иш тажрибаларни  алмашиш,  таълим  тўғрисидаги  миллий  хужжатларни халқаро  миқёсда  эътироф  этиш  каби  масалаларни  амалга  ошириш мумкин.

Маълумки, мамлакатимиз умумтаълим мактабларида чет тили таълимини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида асосан рус ва инглиз тилини ўқитишга катта эътибор қаратилмокда.

Мен фаолият юритаётган Термиз шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга  хорижий тилларни мукаммал ўргатиш давр талаби асосида ташкил этилган.  Зеро, таълим масканимизда ўзбек миллатига мансуб фарзандларимиз билан бир қаторда руссийзабон ўғил- қизларимиз ҳам баҳамжихат тахсил олишмоқда. 

Рус тили дунё миқёсида халқаро тил бўлганлиги учун ҳам ўз мавқеига эга, албатта. Ноябрь-барча таълим даргоҳларида рус тили ва адабиёти фани ойлиги сифатида кенг нишонланди. Мактабимизда ҳам ушбу фан ойлиги муносабати билан турли хил тадбирлар, очиқ дарслар, суҳбатлар, викторина мусобақалари ҳар бир синфлар кесимида ўтказилди. Бундай тадбирлар ўқувчиларни ушбу фанга бўлган қизиқишини оширади, сўзлаш маданиятини, нутқини равон ва теран бўлишига ёрдам беради.

Фан ойлиги доирасида ўқувчи ёшларнинг фанларга қизиқишларини янада ошириш мақсадида турли қизиқарли тадбирлар, беллашувлар, синфларда очиқ дарслар ташкил этилди. Рус адабиётининг буюк намоёндалари Пушкин ижоди, Лев Толстой, Лермантовнинг жахон тан олган  ижод намуналари асосидаги машғулотлар фан услуббирлашмаси томонидан юқори баҳоланди. Дарсларда ўқувчиларининг фаоллиги ва рус тили фанини чуқур ўрганиб бораётганликлари ва рус адабиётига бўлган қизиқиш катта эканлиги яққол сезилиб турди. Айниқса, рус ёзувчиси А.С. Пушкиннинг қаламига мансуб “Евгений Онегин” асари асосида тайёрланган саҳна  асари ўқувчилар томонидан жуда маҳорат билан ижро қилинди. Ўқувчилар рус тилини ўрганиш, ўз тафаккурларини янада бойитиш сари муҳим қадамларни қўйдилар. Рус тилида бошқотирмаларни ечиш, ўзаро ҚВЗ мусобақаларида иштирок қилиш, мушоира ва рус тилида ифодали ўқиш, топишмоқлар йўналишида бўлиб ўтган ранг-баранг тадбирлар болажонларимизга маъқул бўлди.

Фан ойлиги сабабли ҳафтанинг ҳар чоршанба кунини “Рус тили куни” деб белгиладик. Шу куни ўқувчилар бир-бирлари билан рус тилида мулоқот қилишга ҳаракат қилдилар.Мактабимизда рус тили фанидан тўгараклар ҳам ташкил қилинганки, бундан ота-оналар ҳам нихоятда мамнун. Ўғил-қизларимизнинг  ҳозиржавоблиги, фанга бўлган қизиқишларини, уларнинг интилишларини кўриб кайфиятимиз янада кўтарилади. 

Ушбу рус тили фани ойлигини якуний тадбирида иштирок этарканмиз, болажонларимизни рус тилини нихоятда севиб, ардоқлаб, ўз она тилларидек мехр-муҳаббат билан ўрганаётганлиги туғриси мени           қувонтирди. Мактабимизнинг рус тила ва адабиёти фани  тажрибали устозлари ўкитувчилари Марҳабо Тоирова, Тамара Соҳибова, Раъно Авазова сингари устозлар ушбу фан ойликларини ўтказишда фаоллик  кўрсатдилар. Уларнинг  ташаббуслари ҳам бу тадбирларга ўзига хос мазмун бахш этди.

Эътиборли жихати, айнан шу таълим масканини 1967 йилда битирган Рашида Кучаткова, Закия Габидуллина сингари  фахрий  ўқувчиларнинг  ҳам  иштирок этиши, мактаб тарихи ва ўқувчилик йилларини хотирлашлари ёшларда катта таассурот қолдирди.  Тадбирда ўқувчиларнинг ифодали ўқиш бўйича ўзаро беллашувлари, рус халқ қўшиқлари ва рақсларининг ижроси, интеллектуал салоҳиятни янада юксалтиришга қаратилган турли танловлар болажонларимиз хотирасида сақланиб қолди.                  

Рус маданий маркази вилоят бўлими  рахбари Нина Фёдорова тадбирга ташриф буюриб,  рус халқининг маданияти, тили, анъаналари, урф-одатларини авайлаб асрашда, шу асосда ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдаги  муҳим  вазифалар ҳақида тўхталди.

Рус тили фан ойлигида муносиб иштирок этиб, турли номинациялар бўйича фаол қатнашган ва ғолибликни қўлга киритган синфлар  жамоалари, ўқитувчи ва ўқувчилар мактаб маъмурияти  томонидан таъсис этилган диплом ҳамда махсус совғалар билан тақдирландилар.

Ҳа, ўқувчиларнинг тўла фаоллигида ўтказилган  фан ойлигини ёпилиш тадбири ҳам жуда таассуротларга бой бўлди. Ёшлар бизнинг келажагимиз. Уларни билимли, комил инсон қилиб тарбиялаш биз устозларнинг олдимизга қўйган олий мақсадимиздир.

Солижон Тошмуродов, Термиз шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактаби директори, Халк таълими аълочиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan