Uncategorized

Ғофуржон Мухамедов: Таълим мазмуни – тараққиёт мезони

Кейинги йилларда ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар барча соҳалар каби педагогик таълим соҳасида ҳам кузатилмоқда. Йиллар давомида ҳал қилинмаган муаммолар, тизимдаги камчиликлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий зарурат эканлигини кўрсатади.

Ислоҳотлар натижасида педагогик ОТМлари олдига ўта муҳим вазифалар қўйилмоқда.  Ўқитувчилик касбига нисбатан талаблар ўзгармоқда. Бугунги кун ўқитувчисидан ўз касбига нисбатан янгича муносабат, масъулият, илмий ва ижодий ёндашиш талаб қилинмоқда. Шундай экан,  педагогик ОТМлари амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятларининг устувор жиҳатларини янгидан белгилаб олишлари зарур, деб ўйлайман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини жорий 2021 йилнинг бош режаси сифатида қабул қилиш мумкин. Ҳурматли Президентимизнинг мазкур Мурожаатномасини том маънодаги янги Ўзбекистонни яқин йилларда, хусусан, 2021 йилда комплекс ривожлантириш, шунингдек, мамлакат тараққиётини таъминлашнинг устувор жиҳатларини белгилаб берган дастур сифатида қабул қилиш ўринли бўлади. Шуни таъкидлашимиз керакки, Мурожаатномада жамиятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча соҳалари қамраб олинган. Жумладан, унда фан, таълим ва маориф тизимига тааллуқли бир қатор стратегик аҳамиятга эга йўналишлар белгилаб берилганки, ундан келиб чиқадиган вазифалар тизимда фаолият олиб бораётган мутахассислардан янгиланаётган Ўзбекистон таълим сиёсатининг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашни, уларнинг ижросига нисбатан тараққиёт мезонлари асосида ижодий ёндашишни тақозо қилади.

Инсоният тамаддунининг ҳозирги даврини глобаллашув жараёнларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунга келиб глобаллашув дунё мамлакатларини ривожлантиришнинг мазмун-моҳиятига, стратегияси ва тамойилларига, ёндашув ва услубларига ҳам бирдай таъсирини ўтказаётган куч сифатида намоён бўлмоқда. Глобаллашувнинг моҳиятини ва хусусиятларини чуқур ўрганиш унга мослашиш, йўналишларини керакли тарзда ўзгартириш имкониятини яратади. Бундан кўриниб турибдики, глобаллашув жараёнидан ижобий ва ижодий фойдаланишнинг усул ва воситаларини, мехнизмларини илмий асосда ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. 2020 йилда бутун дунёда кузатилган пандемик шароит фикримизнинг тўғрилигини яна бир карра тасдиқлайди. Албатта, бундай шароитда таълим тизимида глобаллашув жараёнларига мослашувчан, у билан ҳисоблашадиган ислоҳотлар муҳим роль ўйнайди.

Мурожаатномада таълим соҳасига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бирламчи шарти сифатида эътибор қаратилган. Хусусан, юртбошимизнинг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши лозим”, – деган фикрларида таълим ва тарбиянинг жамият ривожидаги муҳим аҳамияти ўз аксини топган.

Юртбошимиз мамлакатимиз ёшларига халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли куч сифатида қарамоқдалар. Дарҳақиқат, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамият учун энг манфаатли сармоя ҳисобланади. Бу борада Президентимиз қуйидаги фикрларни собитлик билан илгари сурмоқдалар: “…ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз. …Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради”.

Мурожаатномада янги 2021 йилда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида қуйидаги йўналишларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш лозимлиги белгилаб берилди:

биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйиш, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш;

– иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш;

– учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиш.

Ёшларни халқ манфаати учун хизмат қиладиган баркамол шахс сифатида тарбиялаш, албатта, катта авлод вакилларининг зиммасидаги вазифа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳурматли Президентимиз катта авлод ва ёшлар ўртасидаги оқилона ворисийликни тавсифлар экан, “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз”, – деб уқтирадилар.

Миллий таълим тизимининг кейинги чорак асрдаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Айни пайтда, кўплаб муаммоларнинг ҳам йиғилиб қолиши олиб борилаётган ислоҳотларда муайян камчиликлар ҳам бўлганлигини кўрсатмоқда. Тизимдаги бу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида кейинги уч йилдан ошиқроқ вақт мобайнида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларига оид кўпгина фармон ва қарорлар қабул қилинди. Қабул қилинган ушбу ҳужжатларда мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълимгача бўлган барча босқичлар, шунингдек, академик илм-фан ҳам қамраб олинган ва узвийлик ҳамда узлуксизликни таъминлаш орқали таълим соҳасини мазмунан яхлит тизим сифатида шакллантириш назарда тутилган.     

Таълим тизимида мактабгача таълим босқичи энг муҳим бўғинлардан бири ҳисобланади. Афсуски, бизда йиллар давомида ушбу таълим босқичини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасаларига қамровни ошириш, уларнинг моддий-техник базасини замон талабларига мослаштириш масаласига кам эътибор қаратилди. 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш тўғрисида” Президент Қароридан кейин таълим тизимининг қуйи бўғинига эътибор кучайди. Мурожаатномада келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасида мамлакатимизнинг стратегик мақсади этиб “…ижтимоий аҳволидан қатъи назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат” эканлиги, шунингдек, келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказиш, бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилиши белгилаб берилди.

Бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаолликнинг ошиши, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланишини инобатга олсак, ушбу мақсадларнинг қай даражада муҳим аҳамият касб этишини англаш мумкин.

Мурожаатномада мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилиши қайд этилган. Жумладан: “Келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади.

Соҳада ягона “электрон таълим” тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади”, – дейилган. Электрон таълим, яъни масофавий таълимнинг ташкил қилиниши таълимни бошқаришнинг ягона моделини ишлаб чиқиш, таълим доирасида ахборот алмашинувини таъминловчи маълумотлар моделларини белгилаш ва босқичларга қўйиладиган  ягона талабларни  шакллантиришни назарда тутади. Бу билан мамлакатимиз таълим соҳасининг жаҳон таълим тизимига яқинлашув жараёнларида жадаллик ошади.

Таълим сифатини тубдан яхшилаш, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштирилишига боғлиқ. Болаларнинг таҳлилий, ностандарт ва креатив фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш учун ўзининг янгиланган шакл ва мазмунига эга дарсликлар яратиш зарур. Мурожаатномада қайд этилишича, “Бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади”. Ушбу чора-тадбирларнинг пировард мақсади эса таълим муассасаси битирувчиларини соф назарий билимлар соҳиби сифатида эмас, балки ҳаётий вазиятларга мослашувчан, мустақил ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмасига эга шахс сифатида тарбиялашни назарда тутади.

Таълим тизимини ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш шаҳар ва қишлоқ, шунингдек, чекка қишлоқлар ўртасида ўзаро тафовут мавжудлигини кўрсатади. Шу муносабат билан 2021 йилдан “…бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўлаш” тартибининг жорий қилиниши мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи ёшларининг ҳам сифатли таълим олишга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш имкониятини беради.

Кўпгина ривожланган мамлакатларда таълим хизматларига бизнес сифатида қаралади. Дарҳақиқат, таълим бизнесга айлангандагина рақобатбардошлик касб этади. Бизда ҳам кейинги йилларда таълим тизимига нодавлат ва хусусий секторнинг жадал кириб келишини соҳадаги ижобий ҳодисалардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Бундай шароитда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасидаги рақобат тизимнинг ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Таълим тизимида ҳам энди бозор қонуниятларининг ишлаши, соғлом рақобат муҳитининг яратилиши сифатнинг яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади. Таълим хизматлари бозорида рақобатбардош маҳсулот малакали кадрлар тайёрлаш билан амалга ошади. Таълим хизматлари бозорининг маҳсулоти инсон капитали бўлиб, замонавий иқтисодиётда унга тобора қадр-қиммати ошаётган ресурс сифатида қаралмоқда. Мурожаатномада бу борада “хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилиши”нинг белгилаб берилиши таълим тизимида хусусий секторнинг улуши ошишига, бу эса, ўз навбатида, рақобатнинг кучайишига сабаб бўлади.    

Таълим муассасаларида алоҳида қобилиятли ўқувчилар билан ишлаш масаласи ўзига хос эътиборни талаб қилади. Маълумки, қобилият билимдан кескин фарқланади: билим мутолаа, ўқиш ва ўрганиш натижаси ҳисобланади, қобилият эса шахснинг психологик ва физиологик тузилишининг хусусияти саналади. Қобилият инсон томонидан кўникма ва малакаларнинг эгалланиши жараёнида такомиллашиб боради. Шунинг учун ҳам қобилиятли ўқувчилар билан ишлашнинг ўзига хос педагогик ва психологик жиҳатлари мавжудки, бу худди шу сифатга эга ўқувчилар билан ишлашда алоҳида ёндашувларни талаб қилади. Таълим муассасаларида бу борада олиб борилаётган ишларни кузатар эканмиз, қобилиятли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш ва йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўришимиз мумкин. Аслида бу борадаги ишлар тўғри йўлга қўйилган тақдирда ҳам қобилиятли ўқувчиларнинг эҳтиёжларини тўлақонли қондириш қийин. Президентимиз томонидан иқтидорли ўғил-қизларимизнинг таълимига алоҳида эътибор қаратилиши ҳам ана шу омиллар билан боғлиқ. 2019 йилдан эътиборан мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган ижод мактабларининг ташкил қилиниши ва бу борадаги ишларнинг тизимли давом эттирилаётгани алоҳида қобилиятга эга ёшларимизнинг иқтидорларини ривожлантириш, уларнинг салоҳиятларидан жамият манфаати йўлида фойдаланишдек эзгу мақсадларни кўзлайди. Келгусида эса иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университетни ташкил этиш, ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия бериши билан боғлиқ ишларнинг режалаштирилиши бу йўналишда ишларнинг тизимли равишда олиб борилаётганини кўрсатади.

Биз айни пайтда илм-маърифатни ривожлантирмасдан ривожланишнинг кейинги босқичларига чиқа олмаймиз. Бунинг учун эса тизимдаги муаммоларни бартараф қилишимиз, таълим-фан-ишлаб чиқариш учлиги ўртасидаги интеграцияни тўғри йўлга қўйишимиз лозим.

Таълим тизимида узоқ йиллардан бери йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш осон кечмайди. Бунинг учун, аввало, таълимга ёндашув билан боғлиқ қуйидаги масалаларга ижобий ечим топишимиз лозим:  

  • кадрлар тайёрлашда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўзига хослиги ва талабини инобатга олиш;
  • меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни чуқур ўрганиш, уларнинг мутаносиблигига эришиш;
  • таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини тўла таъминлаш;
  • фан ютуқларини тижоратлаштиришга нисбатан эътиборни кучайтириш.

Юқорида айтилган таълимга нотўғри ёндашув билан боғлиқ масалалар, ўз навбатида, кадрларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотида мувозанатнинг бузилиши, амалдаги ўқув режа ва дастурларда номутахассислик фанлари улушининг юқорилиги, ўқув адабиётларининг етишмаслиги, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни амалиётга жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш механизмининг кучсизлиги каби муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳурматли Президентимиз ва ҳукумат раҳбарлари томонидан таълим тизими ходимлари олдига қуйидаги вазифалар қуйилмоқда:   

  • олий таълим билан қамров даражасини босқичма-босқич ошириш;
  • соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
  • ўқув юкламаларини оптималлаштириш;
  • таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш;
  • ОТМларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш;
  • таълимда нодавлат ва хусусий секторнинг ролини ошириш;
  • таълимни коррупциядан холи соҳага айлантириш;
  • нуфузли чет эл олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорликни кучайтириш.

Умуман, олдимиздаги вазифалар жуда кўп. Энг асосийси, таълим тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар замонавий таълимга қўйиладиган талабларга жавоб беришидир. Мурожаатномада педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизими жорий этилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилдики, бу ишларни амалга ошириш, аввало, тизимдаги раҳбарлардан замоавий фиклашни ва хориж амалиётини яхши билишни талаб қилади.

Муҳтарам юртбошимиз 2019 йилнинг 23 август санасида халқ таълими тизимини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида: “Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи… Мактаб иши бу умуммиллий ҳаракатга айланиши керак”,деган эдилар. Дарҳақиқат, мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Худди шу йиғилишда юртбошимиз педагогик ОТМларнинг фаолиятига танқидий баҳо бериб, уларнинг мактаблардаги ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштиришдаги роли сезилмаётганини афсус билан қайд этган эдилар.

Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу фикрларидан келиб чиқиб Чирчиқ давлат педагогика институти соҳага инновацияларни жорий қилиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси жараёнларининг самарадорлигини ошириш мақсадида педагогик таълим инновацион кластерини ўзининг асосий стратегик илмий тадқиқот йўналиши сифатида белгилади. Бугунги кунда институтнинг катта илмий жамоаси педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асосларини яратиш, уни амалиётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқдалар. Институт жамоаси белгиланган ўқув жараёни билан бир пайтда кластер тизими доирасида битирувчиларга қўшимча касб бериш борасида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқдалар. Олиб борилаётган илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишларининг дастлабки натижалари педагогик таълим инновацион кластери истиқболли лойиҳа эканини кўрсатмоқда. Тошкент вилояти тажрибаси сифатида уни оммалаштириш, шубҳасиз, педагогик таълимда ўзининг ижобий самарасини беради.

Ғофуржон Мухамедов,

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan