Uncategorized

Қуёш энергетикаси билан боғлиқ навбатдаги лойиҳа ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги қуёш энергияси соҳасидаги навбатдаги лойиҳа – “Шеробод қуёш фотоэлектр станцияси (ФЭС) лойиҳасининг II босқичи” (Шеробод II) бошланганлиги тўғрисида хабар бермоқда.

Янги лойиҳа Энергетика вазирлиги томонидан Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 1 ГВт қуёш энергияси учун рақобатбардош савдолар ўтказиш учун техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида умумий меморандум доирасида амалга оширилади.

Шеробод II лойиҳаси Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 300 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуришни кўзда тутади. Мазкур станция 2024 йилга қадар ишга туширилади. У 2020 йил февралда эълон қилинган биринчи Шеробод I лойиҳаси объектларига яқин жойда қурилади.

Маълумот учун: Шеробод I лойиҳасини амалга ошириш майдони Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган. Айни пайтда ушбу лойиҳа учун тендер ўтказилмоқда. Таклифлар сўрови 2020 йил 14 декабрда бошланган ва 2021 йил 15 мартгача давом этади. Биринчи босқич доирасида камида 200 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини ва янги инфратузилмани қуриш режалаштирилган.

Йиллик ишлаб чиқариш 1,1 миллиард кВт. соатдан ортиқ бўлган 500 МВт қувватга эга 2 та ФЭС ҳудуддаги йиллик электр энергияси истэъмолининг тахминан 30 фоизини таъминлаш имкониятига эга бўлади. Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилоятида ўртача йиллик электр энергияси истеъмоли 3,2 миллиард кВт. соатни ташкил этади.

Шеробод II лойиҳаси доирасида очиқ тендер ўтказилади ва бу 2021 йил бошида расман эълон қилинади.

Осий тараққиёт банкининг техник хизматлари лойиҳани амалга оширишда шаффофлик ва очиқлик, лойиҳа бўйича хатарларнинг оқилона тақсимланиши, якуний хизматдан фойдаланиш ҳамда нарх ва сифатнинг умумий мутаносиблиги тамойилларига риоя қилган ҳолда илғор дунё ёндашувларидан фойдаланишга қаратилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan