Uncategorized

“Қора бозорнинг ҳаддисини кўрган “тадбиркор””

Хорижий валютани ноқонуний алмаштирганлик учун жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида бир неча бор таъкидланиб келинаётган бўлса-да, айрим фуқароларимиз амал қилмаётганлиги ачинарли ҳолат албатта. Багиров Шахбаз Атаевич (исм фамилияси ўзгартирилган) бу қонунни билсада, парво қилиб ўтирмади. 2020 йил 29 сентябрь куни Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги “Созлаб ол” савдо мажмуасида жойлашган озиқ-овқат савдо дўконида 3.000 АҚШ долларини, ҳар бир АҚШ долларини 10.350 сўмдан баҳолаб, жами 31.050.000 сўмга Адбакаров Жанабек Бўтаевич (исм фамилияси ўзгартирилган)га сотган вақтида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Навоий вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди ҳамда ундан 3.000 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Албатта, ҳужжатлар расмийлаштирилди. Иш судга оширилди.

Яқинда бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Багиров Шахбаз Атаевич (исм фамилияси ўзгартирилган)нинг “иши” кўриб чиқилди. Амалдаги қонунларга  биноан суд судланувчи Багиров Шахбаз Атаевичга нисбатан жазо тайинлашда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида шахсини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, тадбиркор эканлигини, вояга етмаган фарзандлари борлигини, жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлигини, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, унга нисбатан жарима жазо тайинлашни лозим деб ҳисоблади.

Суд ашёвий далил масаласини муҳокама қилиб, судланувчи Ш.Багировдан ашёвий далил тариқасида олинган ТИФ Миллий банкнинг Навоий бўлимига вақтинча сақлаш учун топширилган 3.000 АҚШ доллари ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг давлат фойдасига мусодара қилишни лозим деб топди.

Юқоридагиларга кўра Ш.Багировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари яъни 13.380.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича

Конимех туман суди раиси                              Қаҳоров Фаррух Фармонович

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan