
Бутун дунё бўйлаб уй-жой нархлари ошиб бормоқда. 50 дан ортиқ давлатларда кузатувлар олиб борадиган Knight Frank ҳисоботи га кўра, бу борада Туркия етакчи бўлган. Ўзбеклар учун ҳам бегона бўлмаган қардош мамлакатда уй-жой нархлари бир йилда 32 фоизга ошган. Ҳақиқат учун айтиш жоизки, ўтган йилда Туркия инфляция суръати борасида ҳам етакчи бўлган. Лекин деярли 20 фоизлик инфляция шароитида ҳам бу жуда юқори кўрсаткич.
Туркиядан кейинги ўринларни Янги Зеландия (22,1%) ва Люксембург (16,6%) эгаллаган.
Энг йирик иқтисодиёт Қўшма штатларда уй-жой нархлари 13,2%га ошган. Бу 2005 йилдан буён кузатилган энг юқори ўсиш кўрсаткичи.
Ўзбекистонда аҳвол қандай? Кузатув ва мониторинг га кўра, Тошкент шаҳрида ўтган май ойида уй-жой нархи ўсиши жуда фаол тарзда тезлашган. Доллар ҳисобида бир ойлик ўсиш 2,1%ни ташкил этган. Бир йиллик ўсиш эса 9,3%дан иборат бўлган. 2020 йил майдан 2021 йил майгача ҳеч бир ойда уй-жой нархи ўсиши 2%дан юқори бўлмаган эди.
Сўмда ҳисоблаганда, бозорда 1 кв.м. уй-жой 7,6 млн.сўмдан таклиф этилмоқда, ўтган йилнинг шу даврига бу миқдор 6,6 млн.сўм атрофида эди.