Uncategorized

Шерободда воҳа тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилди

Шеробод туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигидаги вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари вакилларидан иборат Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг воҳа тадбиркорлари ва экспортчилар билан очиқ мулоқоти ташкил этилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, секторлар, масалага алоқадор бошқарма ва ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари ҳам иштирок этган тадбирда асосий эътибор тадбиркорлар ва экспортчиларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги таклиф ва ташаббусларни ўрганишга қаратилди.

Расмиятчиликдан холи ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ-ошкора мулоқотга киришилган тадбирда ишбилармонлар Комиссия раҳбарияти ва вилоят ҳокимига бевосита мурожаат этиш ва ўзларининг тадбиркорлик ва саноат фаолияти жараёнида юзага келаётган муаммоларини муҳокамага олиб чиқиш имконига эга бўлдилар.

Ҳар бир кўтарилган муаммо тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини жалб қилган ҳолда ҳар томонлама кўриб чиқилди ва тадбиркорларнинг талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган мақсадли ечимлар ишлаб чиқилди. Тадбир давомида мутасадди раҳбарларга ушбу ечимларни тезкор амалга ошириш ва тадбиркорларни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаш мақсадида улар билан бевосита алоқаларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳозирги шароитда давлат ва бизнес ўртасида бевосита мулоқотнинг йўлга қўйилиши мавжуд “ўсиш нуқталари”дан фойдаланиб, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш, шунингдек, юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва зудлик билан ҳал этишнинг энг самарали воситаси эканлиги таъкидланди.

Муҳокама якунида мутасадди раҳбарларга аниқ муддатлар ва амалга ошириш механизмлари кўрсатилган амалий чора-тадбирлар дастурини шакллантириш топширилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan