Uncategorized

Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг ва ҳар бир давлат хизматчисининг бурчидир

Коррупция бир давлат эмас, балки бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир. Чунки у демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодиётни издан чиқаради, уюшган жиноятчиликнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.

Коррупция – нафақат инсон ҳуқуқлари бузилишига, балки хавфсизликка таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига ҳам шароит яратувчи хавфли жиноят саналганлиги учун ҳам уни ҳозирда жамиятимиз олдида турган энг катта таҳдид сифатида баҳолаш мумкин.

Ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган.

Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамият ҳаётида муаммоларни ҳал этишда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, миллийлигимиз ва менталитетимизга мос келадиган усулларни тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинмоқда.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг, республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланиб, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ эмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назоратида эканини чуқур ҳис этиши коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шартидир.

Джуманазар Бабатов

                                                                     Сурхондарё вилоят суди судьяси                                               

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan