Uncategorized

Аёллар ва болаларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Суд амалиётида аёллар (келинлар)нинг оила қурганидан кейин кириб яшаган уй-жойи билан боғлиқ ишлар, оила аъзоларининг аксарияти доимий равишда уй-жойда яшаши ва ундан фойдаланишига қарамай, уй-жойга рўйхатдан ўтказилмай ҳуқуқлари бузилаётган ишлар кўплаб учрамоқда.

Мазкур ҳолатда ҳуқуқи бузилган оила аъзоси судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, уй-жойга нисбатан яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлаш, уйга киритиш, рўйхатга қуйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишни сўрайди.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда кўп йиллардан буён бирга яшамаган ва амалда оилавий муносабатлари тугатилган эр-хотинлар ўртасидаги низони ўзаро ҳал қилишда ажрашаётган аёл ва унинг вояга етмаган бола(лар)и бошпанасиз қолиб кетиши хавфи мавжуд. Шу мақсадда кўпинча ажрашаётган аёллар моддий манфаат эвазига ажрашишга розилик беришини, акс ҳолда ажрашишга норози эканлигини баён қилишади.

Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасига кўра, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.

Суд амалиётига мурожаат этсак, даъвогар Р.Хакимова жавобгар Н.Ахмедовга (исми ва фамилиялари ўзгартирилган) нисбатан икки нафар фарзанди билан уйга яшаш учун киритиб қўйиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.  

Туманлараро судининг 2020 йил 16 июль кунидаги ҳал қилув қарорига кўра даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.

Кассация судлов ҳайъатининг 2020 йил 24 сентябрдаги ажримига кўра, туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогар Р.Хакимова икки нафар фарзанди билан уй-жойга яшаш учун киритилган. 

Аниқланишича, тарафлар 2012 йил 5 март куни қонуний никоҳдан ўтишган, ўрталарида икки нафар фарзанди мавжуд, даъвогар Р.Хакимова низоли уй-жойга 2012 йилда келин қилиб кўчириб келинган ва ушбу манзилда доимий рўйхатда турмаган ҳолда 2020 йил 22 апрелга қадар яшаб келган.

Кассация судлов ҳайъати даъвогар Р.Хакимованинг низоли уй-жойга яъни унинг келин сифатида 2012 йилда кўчириб келиниб, шу вақтдан бошлаб 2020 йил 22 апрелга қадар яшаганлиги, икки нафар фарзанди ҳам шу манзилда туғилганлиги, бунга кўра даъвогар ва вояга етмаган фарзанди жавобгарларнинг оила аъзоси ҳисобланишини, гарчанд даъвогар ушбу манзилда доимий рўйхатда турмаса-да, яшаб келган манзилидан 2020 йил апрель ойида турмуш ўртоғи ва қайнотаси билан оилавий келишмовчилиги ва уларнинг талабига кўра чиқиб кетишга мажбур бўлганлиги, даъвогар низоли манзилда узрли сабабларга кўра яшамаганлиги асосида даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Мухтасар қилиб айтганда, аёллар ва болаларнинг муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлаш, уларга шарт-шароитлар яратиб бериш, уларнинг бу борада бузилган ҳуқуқларини судлар томонидан ишончли ҳимоясини таъминлаш келажак авлодни баркамол вояга етказиш учун жуда муҳим ҳисобланади.

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари            Баҳодир Джумаев

Сурхондарё вилоят суди судьяси                                           Шерзод Элиев

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan