Uncategorized

МАҲОРАТ ДАРСЛАРИ…

Сиз билан биз бугун шундай даврда яшаяпмизки, ҳар қадамда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланишимизга тўғри келади. Бу борада малака ва кўникманинг мавжуд эмаслиги турли ҳаётий масалалар ечимида муаммоларни келтириб чиқариши ҳам бор гап. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, идорма-идора, эшикма-эшик юриб маблағ ва вақт сарфлаб, қанча асаббузарликларга дуч келиб бажаришимиз лозим бўлган юмушларни ўтирган жойимизда хонадан чиқмай, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда адо этишимиз мумкин. Эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг бу борадаги саводхонлигини юксалтириш бугун олдимизда турган долзарб масалалардан бири саналади. Президентимизнинг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги ПҚ-4193-сонли қарорида умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларига “Электрон ҳукумат” тизими хизматларидан фойдаланиш, талаб энг юқори бўлган давлат хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан олиш кўникмаларига ўргатиш вазифалари белгилаб берилган.

Мазкур қарор ижроси юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шаҳар ва туманлар давлат хизматлари марказлари мутахассислари ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида бўлиб, битирувчи ўқувчилар учун “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ташкил этмоқда.
Навбатдаги ана шундай амалий машғулот ва ўқув дарси, Ангор туман давлат хизматлари маркази мутахассислари томонидан тумандаги “Юқори Таллимарон” маҳалласи ҳудудида жойлашган 19-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 11 синф ўқувчилари билан ўтказилди.
Бу каби амалий дарс машғулотларининг ташкил этилиши нафақат ўқувчиларнинг “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланишдаги кўникмаларини шакллантиради, балки уларнинг ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш маданиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan