Uncategorized

ТЕРМИЗДА «ЁШ ЧЕГАРАЧИЛАР» ҲАРБИЙ-АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИ ОЧИЛАДИ

 

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфида Термиз шаҳрида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи 2021-йил 1-сентябрдан ўз фаолиятини бошлайди.

“Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, 2021-йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган йигитлар қабул қилинади. Ўқувчилар ётоқхона, ҳарбий кийим бош ва озиқ-овқат билан таъминланади.

Таълим йўналиши: 50 фоиз ўқувчилар аниқ фанлар, 50 фоиз ижтимоий-гуманитар фанлардан иборат.

Мазкур лицей битирувчиларига қуйидаги имтиёзлар берилади:

“Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейини имтиёзли диплом билан тугатганларга таълим йўналишига қараб, ДХХ академияси ёки Қуролли Кучлар академияси Чегара факултетига тест синовларисиз кириш ҳуқуқи берилади;

Олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади;

Бундан ташқари, битирувчилар “Б”, “C” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлади.“Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ўқишга кириш истагини билдирган шахслар ариза билан ўзларининг яшаш жойларидаги Мудофаа ишлари бўлимларига 1-май кунига қадар мурожаат қилишлари мумкин. Aризада ўзингиз танлаган аниқ ёки ижтимоий-гуманитар фанлар таълим йўналишини кўрсатилиши шарт.

Номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танловлардан муваффақиятли ўтганларидан сўнг тест синовларига қўйилади. Тест синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади. Тест топшириқлари умумий ўрта таълим фанларининг (5—9-синфлари кесимида) Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.

Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрларига кўра уч тилнинг бирида – ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида топширишлари мумкин, шунингдек, ўзлари танлаган аниқ ёки ижтимоий-гуманитар фанлар таълим йўналишига топширади.

Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейига тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади:

халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари – белгиланган қабул квотаси доирасида;
ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари – квотадан ташқари;
етим, ота-она қаровисиз қолган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, 2021-йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда ДХХ раҳбариятининг қарорлари асосида – квотадан ташқари белгиланган квотанинг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.
Ушбу тоифадаги номзодлар лицейнинг қабул комиссиясининг тавсиясига асосан рухсати билан квотадан ташқари ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолибларига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан лицейга кириш учун ўтказилаётган тест синовларида улар тўплаган балларнинг 20 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan