Хабарингиз бор, Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси шу йил 21-август куни Японияга етиб борганди. Нарита аеропортида олинган тест натижаларига кўра, дзюдо бўйича бир нафардан спортчи ва мураббийимизда коронавирус инфекцияси аниқланди ва улар Токио шаҳрида карантинга олинди.
Шунингдек, енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзоси ва байроқдори Нурхон Қурбонова самолётда уларга яқин масофада бўлганлиги боис бу спортчига ҳам Халқаро паралимпия ташкилий қўмитаси ҳамда Япония ҳукумати талабларига мувофиқ карантин эҳтиёт чораси қўлланилди. Шу сабабли Н.Қурбонова бугун Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланадиган очилиш маросимида байроқдор сифатида иштирок эта олмаслиги маълум қилинди.
Шу ўринда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан параканое бўйича Жаҳон чемпиони Шаҳноза Мирзаева Мухаммад Рихсимов билан биргаликда байроқдор сифатида иштирок этиши таклифи маъқулланди.