Uncategorized

«Бунинг нимасидан қўрқиш керак?». Ўзбекистон ҳукумати аъзолари даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига ижобий муносабатда

Маданият вазири Озодбек Назарбеков:

«Бу, эҳтимол, олий ўқув юртини битириб, давлат муассасаларида ишлаб-ишлаб, раҳбар даражасига келган ходимларни безовта қилар. Лекин халқимиз ҳам яхши билади, давлат идорасида фаолиятимни бошламасимдан аввал бизнес тармоқларимни йўлга қўйганман. Айтмоқчиманки, менинг турмуш тарзим олаётган ойлигимга шаклланмаган. Шунинг учун бу қонун лойиҳаси шахсан мени безовта қилмайди. Ушбу янги тартиб мен учун жуда тўғри иш бўлади. Чунки бу ҳам қайсидир маънода коррупциянинг олдини олувчи муҳим омиллардан бири бўлиши шубҳасиз».

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов:

«Мен нимадан хавотирланишим керак?! Балки бор нарсани кўрсата билишимиз лозим. Декларация қилиш масаласи иқтисодиёти ривожланган давлатларда устун қонун ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Бундан нимага қўрқишимиз керак?! Буни қўллаб-қувватлашимиз лозим».

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов:

«Ушбу қонун лойиҳасига муносабатим ижобий. Охирги тўрт йилда, умуман, Янги Ўзбекистонда энг катта масала эркинлик, очиқлик сиёсати бўляпти. Бу эса жамиятни ривожлантиришга олиб келмоқда. Давлат амалдорларининг ҳам даромади очиқланса, бу жамиятни янада ривожлантирадиган омил бўлади. Ўзим чет элда ўқиб, яшаган пайтларимда бундай жараёнларни кўрганман. Бу дунё тажрибасида бор.

Бу ўзимизда албатта, босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Бирданига ҳамманинг даромадини декларация қилиш қийин бўлса керак, деб ўйлайман. Айни пайтда давлатимизда рақамлаштириш жараёни кетяпти-ку, хоҳлаймизми, йўқми, ўз-ўзидан ҳеч ким ҳеч нарсани яшира олмайдиган даражага келади. Барибир замонга мослашамиз. Ҳам вазир, ҳам фуқаро сифатида мазкур қонун лойиҳасига ижобий қарайман, қаршилигим йўқ».

Манба: Дарё

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan