Uncategorized

Стипендия ошди, лекин контрактлар ошмас экан. Бунинг тартиби қандай бўлади?

1 февралдан иш ҳақи ва стипендиялар ошиши маълум қилинган эди. Қоидага кўра, ОТМларнинг тўлов-контракт нархлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорларига боғланган эди ва ҳар сафар иш ҳақлари оширилганда, контракт миқдорлари ҳам кўтариларди.

Аммо жорий йилда Ҳукумат пандемия сабаб аҳолининг турмуш даражасини ҳисобга олиб, 2 марта енгиллик бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Биринчиси, тўлов-контракт миқдорларига 10% чегирма берилди. Иккинчиси, 1 февралдан иш ҳақлари ошириладиган тақдирда ҳам жорий ўқув йили учун контрактлар миқдори ошмаслиги белгилаб қўйилди.

Бу талабалар ва уларнинг ота-оналари учун сезиларли даражада яхши қарор.

Энди ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, айрим талабаларда савол пайдо бўлмоқда, яъни стипендия ошсаю, контракт ошмаса, бунинг тартиби қандай бўлади?

Шу бўйича ўз фикримни билдириб ўтмоқчи эдим. Демак, ҳолат қуйидагича:

1️⃣ Давлат грантида ўқийдиганлар учун:

? умумий қоидага кўра, давлат грантида ўқийдиганларнинг барчасининг базавий стипендияси 10%га оширилиб, 42 минг 800 сўм қўшилади, яъни 470 минг 800 сўм (аввал 428 минг сўм эди) этиб белгиланади;

? агар давлат грантида ўқийдиган талаба семестр якунида барча фанлардан «аъло» (5) баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) олса, унда унга стипендиянинг базавий миқдори 20%га оширилган ҳолда, яъни 564 минг 960 сўм (аввал 513 минг 600 сўм эди) миқдорида стипендия тайинланади.

2️⃣ Стипендияли тўлов-контрактни танлаган талабалар учун:

? уларнинг тўлов-контракт миқдорлари ўша-ўша сақланиб қолади, ўзгармайди;

? умумий қоидага кўра, агар талаба стипендияли контрактни танлаган бўлса, унда ҳар ойлик базавий 428 минг сўм стипендияни ҳисобга олиб, контрактига қўшимча 5 млн 136 минг сўм тўлаган. Шунинг ҳисобига улар 12 ой давомида бўлиб-бўлиб 428 минг сўм стипендия олади. Яъни ўзи тўлаган пулни, ўзи қайтариб олади. Энди гарчи 1 февралдан стипендияларнинг базавий миқдори оширилаётган бўлса-да, лекин мантиқан олганда стипендияли тўлов-контрактни танлаган талабаларнинг стипендияси оширилмайди. Чунки улар 428 минг сўмга мўлжаллаб контракт тўлаган;

? бундай вазиятда оширилган стипендия олиш учун, улар контрактига қўшимча тўлов қилишига тўғри келади. Яъни февралдан бошлаб 7 ой учун 42 минг 800 сўмдан ҳисоблаганда жами 299 минг 600 сўм қўшимча тўлов қилиши керак. Ана шунда улар ўқув йили охиригача оширилган стипендия миқдорини — 470 минг 800 сўмни олиши мумкин бўлади;

? агар стипендияли тўлов-контрактни танлаган талаба семестрда барча фанларни “5” баҳога ёпса, унда базавий стипендияга нисбатан 20% устама олади. Мана шу 20% қўшимча рағбатлантириш 1 февралдан ошириладиган стипендия миқдоридан ҳисобланади. Бошқача айтганда талаба сессияни “5”га ёпса, стипендиясига қўшимча 94 минг 160 сўм рағбатлантириш олади. Бунинг учун ҳеч қандай қўшимча тўлов қилиш шартмас, фақат сессияни «5» баҳога ёпса кифоя.

3️⃣ Стипендиясиз тўлов-контрактни танлаган талабалар учун:

? уларнинг тўлов-контракт миқдорлари ўша-ўша сақланиб қолади, ўзгармайди;

? агар стипендиясиз тўлов-контрактни танлаган талаба семестрда барча фанларни “5” баҳога ёпса, унда 94 минг 160 сўм (илгари 85 минг 600 сўм эди) стипендия олади. Демак, 10% кўтарилади. Бунинг учун ҳеч қандай қўшимча тўлов қилиш шартмас;

? қолган ҳолларда стипендиясиз контрактни танлаганлар учун ҳеч нарса ўзгармайди, ҳозиргидек қолади.

 

? @xushnudbek ?

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan