Uncategorized

Ҳоким ва ёшлар учрашуви: Олтинсойнинг олис қишлоғида болажонлар учун боғча қуриладиган бўлди

– Барча саъй-ҳаракатларимиз аҳолининг фаровон, турмушидан рози бўлиб яшашини таъминлашга, ёшларимизнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишларини рўёбга чиқаришга қаратилган, – деди Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов олтинсойлик ёшлар билан бўлган учрашув аввалида. – Бугун сизлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, илғор ғоя ва таклифларингизни қўллаб-қувватлагани, дуч келаётган муаммоларга биргаликда ечим топгани келдик.

 

Дарҳақиқат, шу кунларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида секторлар раҳбарлари – вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Исмоилов, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи О.Ҳақназаров, Миллий гвардиянинг вилоят бўйича бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи С.Эшматов иштирокида воҳа ёшлари билан учрашиб,  уларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишлари, дуч келаётган муаммоларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Самимий, юзма-юз суҳбат олтинсойлик қалби қайноқ, янгиликка чанқоқ ёшлар қалбини эзгуликка тўлдирди. Учрашув давомида йигит-қизлар томонидан ўртага ташланган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланди, муаммоларга ижобий ечим топилди.

Жумладан, Зебунисо Қурбоналиева “Қорлиқ” маҳалласида боғча қуриб берилишини, ўзининг эса иш билан таъминланишида амалий ёрдам қилинишини сўради. Унинг бу мурожаати вилоят ҳокими томонидан қаноатлантирилиб, 2021 йилнинг январь ойи охиригача маҳаллада 100 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилоти қуриладиган, Зебунисо ушбу ташкилотда иш билан таъминланадиган бўлди.

Шунингдек, учрашувда Мирзали Тўрахоновга пистазорини кенгайтириш мақсадида қўшимча ер майдони, Муҳриддин Шерқуловга замонавий  қулайликларга эга “Ақлли бекат” қуриш учун жой ажратиш, Файзулла Темировга олий ўқув юрти тўлов-контракт суммасини тўлашда амалий ёрдам кўрсатиш, Абдувосит Мелибоевга чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун банк кредити ажратиш, Мунира Эшмаматовага уй-жой кадастри ҳужжатларини расмийлаштириб бериш, Вахшивор қишлоғидаги эски электр симёғочларини янгисига алмаштириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Яҳё Самадов, Мунира Эшмаматова, Жалолиддин Жуманазаров,Рустам Хонлимов, Райҳон Очилдиева, Дилором Маматова сингари ўнлаб ёшлар турли ташкилот ва кохоналарга 3 кунда ишга жойлашадиган, Мавлуда Шамсиддиновага замонавий тикув машинаси олиб берилиб, бандлигини таъминлаш чоралари кўриладиган бўлди.

Олтинсойлик ёшлар билан бўлган учрашувда ўртага ташланган мурожаатлар юзасидан масъулларга қисқа муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

 

Заҳириддин Тўраев

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan