ЖАМИЯТ

“АҚЛЛИ БЕКАТ”ГА ҚАЧОН АҚЛ “КИРАДИ”?!

Термиз бўйлаб ёққан ёмғирларда автобус кутиб одамлар бир чўмилиб олдилар. Кимдир ишдан қайтяпти, кимдир фарзандини боғчасидан олган, кимдир меҳмонга бормоқчи, яна кимлардир шифохонага ва ҳоказо. Деярли ҳеч кимда ёмғирпўш йўқ эди. Бекатсиз кўчада автобус кутишяпти. Худди менга ўхшаб. Яхшиям бизда бекатлар йўқ, акс ҳолда истаган жойимдан туриб бутун бошли автобусни қандай тўхтатардим! Автобус деразасидан қарасам кексалар ҳам автобус кутиб тинчи кетяпти. Қаричиликда. Усти боши намлигига чидай олмаяпти, чоғи. Бирдан бу воқеа аввалроқ ҳам бўлгандек туюлиб кетди. Сизда ҳам ҳеч шундай бўлганми? Қайсидир воқеа аввал ҳам содир бўлгандек таассурот пайдо бўлади. Бўлганкуя, лекин унда жазирама иссиқдан қочганимиз аниқ. Ҳа, бу ёмғирлар нима бўлибди. Биз қуёшнинг 60 градус иссиғида ҳам автобус кутдикку, ана кўп эмас оз эмас бир пасда, атиги 4-5 ойда ўтиб кетди, билинмай! Гап автобус кутишда эмас, бекатларнинг йўқлигида. Борларининг эса …
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 13 июнда Термиз шаҳар ҳокимининг “Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 июлдан бошлаб Термиз шаҳри ичида “Дамас” русумли транспорт воситалари ҳаракати тўхтатилди. Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор айни ёз фаслининг жазирамасига қарамай кучга кирганди.
Хўш, айни пайтга келиб йўловчилар қандай қулайликларга эга бўлишди, деган ўринли савол юзага чиқяпти. Шаҳримизнинг мутасадди раҳбарлари қарорга имзо чекканларидан сўнг бирор марта бўлсада, мазкур такомиллашган хизматдан фойдаланишдими? Албатта, саволнинг жавоби ўзида. Акс ҳолда орадан шунча вақт ўтган бўлсада, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун бекатлар ишга туширилган бўлмасмиди?!
Ҳар қадамда тўхтаб “одам йиғиш” йўловчиларнинг қимматли вақтини ўғирламаяптимикан? Аслида, 38 кишини олиб юришга мўлжалланган автобусларимизга икки баробар кўп одам сиғдирилаётганини кўришяпдими, масъул раҳбарлар? Бу каби саволларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Албатта, биз кутишга, ҳатто, борига кўнишгада ўргандик. Оқибатда ҳеч ниманинг фарқи йўқ, бефарқ одамларга айланиб боряпмиз. Аммо, бироз бўлсада умид бор, чунки баъзан ошкора эътирозлар бўй кўрсатяпти. Масалан, йўл ва транспорт мавзуларида сўз очилса йўловчиларда бирдек норозилик кайфияти пайдо бўлмоқда. «Ахир йўл кира ҳақи тўланаётган бўлса», «тушлик вақти уйга бориб келишимга тўғри келади, ёш боламни овқатлантириб келаман, белгиланган вақтга улгурмайман, чунки автобус кўп тўхтайди», «эрталаб жуда барвақт чиқишим керак, мактабимга кеч қолишим мумкин», «баъзан автобусга қўл кўтарсам тўхтамай ўтиб кетади», … каби важлар жуда кўп ишонаверинг, ҳурматли раҳбарлар! Муаммонинг яна бир учи «Ақлли бекат»ларга тегишли. Гап шундаки, шаҳримиздаги мавжуд (саноқли бўлсада) «Ақлли бекат»ларнинг номлари кун сайин янгиланиб боряпти. Гўёки бекат эмас, савдо дўкончаси дейсиз. Бекатларнинг йўловчилар учун ажратилган қисмига ҳам тадбиркорлар ўз жиҳозлари ёки маҳсулотларини киритиб қўйишгани боис, бу жойга бош суқиб худди бировнинг шахсий мулкига кираётгандек ноқулайлик сезасан, киши.

Хуллас, ҳамшаҳарларимизга қишнинг қаҳратонларида ҳам янада сабрли бўлишни тилаймиз. Транспорт хизматидан фойдаланишда юзага келадиган тушунмовчиликлар чоғида зинҳор бир-бирингизга таъна, дашном қилманг, ҳайдовчидан, ё бекат соҳибидан ўпкаламанг! Асабларингиз қақшаганда, яхшиси, мутасаддиларимизга инсоф, куч- қувват сўранг! Зеро, ҳаммасига уларнинг “каромат”лари туфайли эришиб турибмиз.

ВИДЕОНИ КЎРИШ УЧУН:

? Telegram каналимиз: https://t.me/diyor24uz

? Facebookдаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/diyor24