ЖАМИЯТ

КЎНИКМАЛАР ШАКЛЛАНМОҚДА

Бугун ҳаётимизни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Кун сайин имконияти кенгайиб бораётган бу тизимдан фойдаланишнинг ҳам ўз маданияти бор.
Президентимизнинг жорий йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги ПҚ-4193-сонли қарорида ҳам умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларига “Электрон ҳукумат” тизими хизматларидан фойдаланиш, талаб энг юқори бўлган давлат хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ягона порталдан фойдаланган ҳолда олиш кўникмаларига ўргатиш вазифалари белгилаб берилган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шаҳар ва туманлар давлат хизматлари марказлари мутахассислари ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида бўлиб, битирувчи ўқувчилар учун “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ташкил этмоқда.
Термиз туман давлат хизматлари маркази томонидан тумандаги
1-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган машғулот ҳам битирувчи ўқувчилар учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Марказ мутахассислари томонидан “Электрон ҳукумат” тизими, давлат хизматларини олишда Ягона интерактив давлат хизматлари имкониятларидан фойдаланиш бўйича ўқувчиларга батафсил тушунчалар берилди.
Бу каби амалий дарс машғулотларининг ташкил этилиши нафақат ўқувчиларнинг “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланишдаги кўникмаларини шакллантиради, балки уларнинг ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш маданиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати