СИЁСАТ

Бир сайловчи – бир овоз

Айни пайтда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида муҳим сиёсий жараёнлар кечмоқда. Ўзига хос шиор танланишида катта маъно бор албатта. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтишига хизмат қилади. Ўтказиладиган сайловларда миллий қонунчилигимиз, халқаро сайлов стандартлари ҳамда Сайлов кодекси ҳуқуқий асос қилиб олинган. Шу ўринда хўш, сайловлар ўзи бизга нима беради, деган саволга ойдинлик киритиб олсак. Сайловлар аввало мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Сайловда кўп овоз тўплаган депутатлар томонидан амалга ошириладиган ислоҳотлар эса фуқароларнинг яшаш тарзи, фаровонлигини таъминлаб берувчи яна бир омилдир. Шу боис бу йилги сайлов жараёнига катта эътибор қаратилиб, ОАВларда бу борадаги янгилик ва муҳим маълумотлар халққа етказиб бориляпти.
Бу йилги энг муҳим янгиликлардан бири сифатида сайловчиларни он-лайн рўйхати шакллантирилганлигини кўрсатиш мумкин. Электрон тизим сайловчилар учун бир қатор қулайликларни яратади. Сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайитига яъни, elections.uz паспорт рақамини киритиб, ўзининг қайси сайлов участкасига мансуб эканини ва ва сайлов участкази жойлашган манзилни ҳеч қандай қийинчиликсиз аниқлаши мумкин. Бу ўз навбатида ҳар бир сайловчи бир овозгагина эга бўлишини ҳамда очиқ-ошкораликни таъминлайди.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозим, вилоят ҳудудида 785 та сайлов участкалари ташкил этилди. Ва маҳаллалар иштирокида сайловчилар сони аниқланган. Албатта, сайлов жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай кенг кўламли кузатувдан мақсад-сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кенгроқ амалга оширишдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, 22 декабрь куни ўтказиладиган сайловлар келгуси беш йилликдаги ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этади.