ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Сурхондарё вилоятининг «Айритом» чегара божхона постида 4 кг 370 гр. оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Сурхондарё вилоятининг «Айритом» чегара божхона постида 4 кг 370 гр. оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларини компрессор ичига яшириб олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бошқармаси вакиллари ўзаро ҳамкорликда «Айритом» чегара божхона постида тезкор тадбир ўтказишди.

Тадбир давомида қўшни мамлакатдан юртимизга кириб келган фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганида автомашина юкхонасидаги компрессор қурилмасининг ички қисмига зарқоғозга ўралган 11 дона ўрамлар яширилгани фош бўлди.

Мазкур ўрамлар холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичига 4 кг. 370 гр оғирликдаги «гашиш» ва «опий» гиёҳвандлик воситалари жойланган экан.

Шундан сўнг, мазкур жиноятни илдизи билан бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир пойтахтимизнинг Чилонзор туманида давом эттирилди ва наркотик моддаларни қабул қилиб олаётган шахс ҳам қўлга олинди.

Тезкор тадбир давомида ушбу шахснинг Мирзо Улуғбек туманидаги яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилди. Натижада, бу ерда гиёҳвандлик воситаларини ўлчашда фойдаланилган электрон тарози ва ҳолатга алоқадорлиги гумон қилинаётган 2800 АҚШ доллари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan