Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Т.Қурбонов иштирокида навбатдаги сайёр қабул Термиз шаҳрида ташкил қилинди.

Бюронинг Термиз шаҳар бўлими биносида бўлиб ўтган қабулда жисмоний ва юридик шахс вакилларининг суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ижро ҳужжатлари юзасидан муаммоли мурожаатлари тингланди.
Қабулда иш юритувга олинган ҳар бир мурожаат ҳамда унда баён қилинган важларни тўлиқ ва ижобий ҳал этиш юзасидан масъул ходимларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Очиқ мулоқотда иштирок этган Мансур Ғаффоровлар оиласи учун кутилмаган янгилик бўлди. Боиси, Унинг турмуш ўртоғи Феруза Абдуллаева алимент ундириш масаласида қилган мурожаати шу жойнинг ўзида кўриб чиқилиб, уларга оиласини сақлаб қолиш учун ҳали имконият борлиги вояга етмаган фарзандлар ота-онаси бағрида улғайиши зарурлиги тушунтирилди. Шундан сўнг, оила вакиллари бир бирларини тўғри тушуниб, ярашишга қарор қилишди.
Оила вакили Феруза Абдуллаева ўз миннатдорчилигини билдириб, шундай дейди: Менинг уч нафар фарзандим бор. Албатта, алимент ота меҳрини беролмайди. Мен ўзимнинг ҳам хатоларимни тушуниб етдим. Болаларим ота меҳрига ташна эди. Шу сабабли бизлар оилани сақлаб қолишга қарор қилдик. Оиламизни мустаҳкам сақлаб қолиш учун ҳамда болаларимизни келажаги учун бор куч ғайратимни сарфлайман.
Юзма-юз очиқ мулоқотда ўрганиш вақт талаб этадиган мурожаатларга масъул давлат ижрочилари бириктирилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси