ЖАМИЯТ

Автомобиллар учун экостикерлар жорий этиш 2026 йилдан амалга киритилади

Ўзбекистонда автомобиллардан атмосферага чиқаётган ифлослантирувчи моддалар ташламаларини камайтиришга қаратилган «Экологик транспорт» тизими амалда кечроқ ишга туширилади.

Eko stiker

Ҳукумат қарорига кўра, аввал 2024 йилдан бошланиши режалаштирилган «Экологик транспорт» тизими навбатдаги кечиктиришдан сўнг 2026 йил 1 январдан жорий этилади. Дастурнинг мақсади — автомобиллардан чиқаётган ифлослантирувчи моддаларни қисқартириш ва экологик назоратни кучайтиришдан иборат.

Тизим босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи босқич 2025—2027 йилларда Тошкент шаҳрида, иккинчиси 2028—2030 йилларда Нукус ва вилоят марказларида ҳамда заруратга кўра сайёҳлик марказлари, табиат қўриқхоналари ва соғломлаштириш масканларида татбиқ этилади. Учинчи босқич эса 2031—2034 йилларда бутун мамлакат ҳудудларига тарқатилади.

Экологик меъёрларга мувофиқликни баҳолашда ишлаб чиқарувчининг «Евро» стандарти бўйича маълумотлари асос қилинади. Агар транспорт воситасининг экологик синфи аниқланмаса, у Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги махсус марказда диагностикадан ўтказилади.

Экостикерлар уч турда бўлади: яшил — экологик меъёрларга тўлиқ жавоб берувчиларга, сариқ — ўрта даражада ифлослантирувчи воситаларга, қизил эса юқори даражада зарарли чиқиндиларга эга автомобилларга берилади.

Аввал тизимни 2024 йил июнидан жорий қилиш режалаштирилган, кейинчалик муддат 2025 йил мартга кўчирилганди. Янги қарор билан жараён яна бир йилга кечиктирилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan