ДУНЁ

АҚШ визасини олиш янада қийинлашди

АҚШ ҳукумати хориж фуқароларига ноиммиграцион визалар, жумладан, B1/B2 сайёҳлик визаларини бериш тартибини қаттиқлаштирди. Давлат департаменти огоҳлантиришича, эндиликда талабгорлар виза учун аризани фуқаролик ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга мамлакатида топшириши лозим.

Ҳозирга қадар ушбу турдаги виза учун талабгор исталган мамлакатда ариза топшириши мумкин эди.

Қайд этилишича, 6 сентябрга қадар мазкур типдаги виза учун суҳбатга ёзилган фуқароларнинг сўрови ўз кучида қолади.

Янги тартиб-қоида A, G, C-2, C-3 типидаги, шунингдек, НАТО, дипломатик ҳамда хизмат визаларига татбиқ этилмайди.

Давлат департаменти баёнотидан айрим ҳолларда инсонпарварлик тамойили, шунингдек, тиббий ва ташқи сиёсат важларига кўра истисноларга йўл қўйилишини англаш мумкин.

Давлат департаменти виза бериш вақтинча тўхтатилган 17 мамлакат фуқаролари АҚШнинг қайси шаҳарлардаги элчихона ва консулликларига мурожаат қилиши мумкинлигига ҳам ойдинлик киритган. Унга кўра, Россия фуқаролари – Остона ва Варшава, Беларус фуқаролари – Варшава ва Вилнюс, Украина фуқаролари – Варшава ва Краков, эронликлар эса Дубайдаги АҚШ дипломатик ваколатхоналарига ҳужжат топшириши мумкин.

Сўнгги вақтларда президент Доналд Трамп маъмурияти виза тартибини мураккаблаштирмоқда.

Жорий йил май ойида Оқ уй АҚШда ўқиш учун ариза топширган барча хорижлик талабалар ижтимоий тармоқларда текширувдан ўтишини маълум қилди. Вашингтон мазкур мажбурий текширувга тайёргарлик кўриш учун дунё бўйлаб АҚШ элчихоналарига талаба визаси учун янги суҳбатларни режалаштиришни тўхтатишни буюрган.

Трамп маъмурият жорий йил 4 июн куни Афғонистон, Чад, Конго, Экватор Гвинеяси, Гаити, Сомали, Эрон каби 12 давлат фуқароларига АҚШга кириш эшигини ёпган бўлса, орадан икки ҳафта ўтиб, Қўшма Штатларга кириши тақиқланган мамлакатлар рўйхатига яна 36 давлат қўшилиши хабар қилинди.

Август ойида эса АҚШ ҳукумати тижорат юк машиналари ва олис йўналишга қатновчи хорижлик ҳайдовчиларга ишчи визаларини беришни тўхтатди. Давлат котиби Марко Рубио ушбу қарорни изоҳларкан, чет эллик ҳайдовчилар америкалик ҳамкасбларининг “нонини яримта қилаётгани”ни айтган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan