Соғлом фуқарони ногиронлик нафақасига чиқартириб беришни ваъда қилган фирибгардан 20 миллион сўмга яқин жиноий жарима ундирилди

Денов туманидаги тиббиёт муассасаларидан бирида ишловчи шифокор Собир Тоғаев (исм фамилияси ўзгартирилган) фирибгарлик жиноятини содир этиб, текин бойлик орттириш мақсадида ўзининг олдиндан ўйланган режаси асосида, Шўрчи тумани Офтобмакон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқарони Денов туман тиббиёт меҳнат экспертизаси комиссиясида ишловчи танишлари орқали соғлом фуқарони иккинчи гуруҳ ногиронлигига чиқариб, нафақа тайинлатиб беришини ваъда бериб, 3 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича суд органининг ҳукми билан Собир Тоғаев фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбли деб топилиб, маълум муддатга шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 19 миллион 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Мажбурий ижро бюроси Денов туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида қарздор С.Тоғаевдан белгиланган жарима жазоси тўлиқ ундириб олиниши таъминланди.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси.