ҲУҚУҚ

Иқтисодий судларда даъво аризалари қандай ҳолларда қайтарилади

Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзларининг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш судларга даъво ариза (ариза)лар киритиш йўли билан амалга оширилади.

Бироқ, даъво аризаси киритилишида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинмаган ҳолларда, иқтисодий судлар томонидан даъво аризалари мавжуд камчиликларни бартараф қилиш учун қайтарилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 155-моддасида даъво аризасини қайтариш асослари батафсил ёритилган бўлиб, унга кўра, судья даъво аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) даъво аризасининг ушбу Кодекс 149-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;

11) даъвогар судьянинг ушбу Кодекс 152-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган кўрсатмасини белгиланган муддатда бажармаган бўлса;

2) даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

3) иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;

4) ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлса;

5) жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;

6) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

7) мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогар тақдим этмаган бўлса;

71) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

8) битта даъво аризасида бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;

9) қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали олиниши керак бўлганда қарзни жавобгардан олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат қилинганлигига доир далиллар тақдим этилмаган бўлса;

10) даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар уни қайтариб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси талабларига мувофиқ бўлмаган қарши даъво ҳам қайтарилади.

Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши, прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, даъво аризаси судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин даъво аризаси билан судга умумий тартибда такроран мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

Амалдаги процессуал қонунчиликка мувофиқ, судга ёзма шаклда бериладиган ва даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланадиган даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

▷ ариза берилаётган суднинг номи;

▷ ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

▷ агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;

▷ даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар;

▷ даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;

▷ ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;

▷ даъвогарнинг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

▷ жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 17, 18-моддалари.

▷ илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар кўрсатилади. Даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасига бирлаштиришга ҳақли.

Хулоса қилиб айтганда, юридик ва жисмоний шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг даъво аризасида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар ва ҳолатлар, даъво аризасини судга тақдим қилиш тартиби, шунингдек даъво аризасини қайтаришга асос бўлган ҳолатларни яхши билиши судга тақдим қилинадиган даъво аризаларининг қайтарилишининг ва тадбиркорларнинг ортиқча вақт йўқотишларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланади.

Асқар Мамараимов

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan