
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарур билим-савияга эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида иштирок этиб, юқори балл тўплаган энг муносиб йигитларга ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз тақдим этадиган тавсияномалар берилади.

Шу кунларда Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ўғлонлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл бериладиган имтиёзли тавсияномани қўлга киритиш учун тест топширишмоқда.
Сариосиё туманида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб ўтган тест синовида ҳарбий қисмда ўз бурчини ўтаётган Ватан ҳимоясидаги йигитлар ўзларининг эгаллаган билим ва кўникмаларини намоён қилдилар.Ўғлонлар жанговар тайёргарлик, маънавий-маърифий тайёргарлик, математика, физика ва мантиқдан тест топширдилар. Даставвал, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ходимлари томонидан аскарларга йўриқнома ўтказишди. Назоратчилар гувоҳлигида тест топшириқлари китоблари муҳри очилиб, тарқатилди. Тест синовларини бажариш ва жавобларини белгилаш учун 3 соат вақт ажратилди.

– Аскарларнинг билими 100 та савол асосида баҳоланмоқда. Имтиҳон жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатилди. Тест жараёнидан кимдир норози бўлса, жавоби эълон қилингандан кейин икки кун ичида мурожаат қилиши керак. Агар ўзларидан хатолик ўтиб, белгиланган тартиб-қоидаларни бузса, тестдан четлаштирилади, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Бобур Абдуназаров.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмлар қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар.
Тест синовлари белгиланган режага асосан бошқа гарнизонларда ҳам бўлиб ўтади..