Ҳилола Умарова фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларни тақдирлаш тизими ҳақида маълумот берди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова нима учун халқаро фан олимпиадалари ғолибларига ёзги олимпия ўйинлари чемпион ва совриндорларига тақдим этилганидек катта мукофотлар берилмаслиги ҳақида янграётган саволларга жавоб берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, 2019 йилга қадар халқаро фан олимпиадалари совриндорларига фақатгина олий ўқув юртларига киришда имтиёз берилган. Ўша йилдан эътиборан эса, ўқувчилар ва уларнинг устозларини ҳам пул мукофотлари билан тақдирлаш йўлга қўйилган. Хусусан, айни пайтда бешта халқаро асосий фан олимпиадасида (ахборот технологиялари, математика, физика, биология ва кимё) олтин медаль олганлар БҲМнинг 500 баравари (170 млн сўм), кумуш медаль 300 баравари (102 млн сўм), бронза медали эса 200 баравари (68 млн сўм) миқдорида тақдирланади.
Ҳилола Умарова фан олимпиадалари ғолибларини тақдирлаш маросимлари бундан кейин кенг қамровда, катта тантаналар билан ўтказилишини айтиб, буни ёритишда оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан ёрдам сўради.