КечаУзоқ Шарқ федерал университети негизида «Келажак таълим макони: янги компетенциялар, инновациялар, технологиялар» мавзусидаги IV Ўзбекистон-Россия таълим форуми ўз ишини бошлади.

Форумда Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари, икки давлатнинг тегишли идоралари ходимлари, Россия таълим академияси ва бошқа илмий-таълим муассасалари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман дастури ялпи мажлис ва 6 та тематик сессияларни ўз ичига олади. Муҳокамалар чоғида кадрлар тайёрлаш, таълим ва тиббиёт соҳасида энг янги технологиялардан фойдаланиш, ўқув жараёнига рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, таълимни бошқариш сифатини ошириш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Узоқ Шарқ федерал университети ва Бухоро давлат университети, Россия Таълим академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизимидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти, Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Форум доирасида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳруҳ Далиев ҳамда Россия фан ва олий таълим вазирининг ўринбосари Константин Могилевский ҳамраислигида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг Фан ва таълим бўйича қуйи қўмитасининг 6-мажлиси бўлиб ўтди.
Томонлар қўшма илғор муҳандислик мактабларини ташкил этиш, Ўзбекистонда Россия университетлари филиаллари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, икки томонлама илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бир қатор бошқа долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Мажлис якунлари бўйича тегишли баённома имзоланди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари, шунингдек, Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан ҳам учрашдилар. Мулоқот чоғида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилинди ҳамда ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш режалари белгилаб олинди.