Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореяда бўлиб ўтган «UN PUBLIC SERVICE FORUM 2024» форумида иштирок этди
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Жанубий Кореяда «UN PUBLIC SERVICE FORUM 2024» форумининг очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Корея Республикаси давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазири Ли Сан Мин, Ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича БМТ Бош котиби ўринбосари Ли Сзянхуа, БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун, Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар агентлиги раиси Улви Меҳдиев ва бошқа мамлакатларнинг рақамлаштиришга масъул идоралар раҳбарлари қатнашди.
Форум доирасида «Сунъий интеллект ва ҳукумат келажаги» пленар сессияси ҳам бўлиб ўтди. Вазир Шерзод Шерматов панель сессиясида ҳукуматимиз томонидан рақамли трансформация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг муҳимлиги борасида фикрлари билан ўртоқлашди. Хусусан, сунъий интеллект технологиялари яқин келажакнинг ривожланиш драйвери эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишда муҳим босқичларни босиб ўтаётгани ва келажак авлодни тайёрлаш учун мазкур технологиялар зарурлигини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, Шерзод Шерматов ўз чиқиши давомида, мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу соҳанинг ривожланиш ҳолати ва яратилган шарт-шароитларга тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг давлат бошқарувига кириб бораётганлиги, хусусан, ушбу технологияларга асосланган Марказий Осиёда биринчи бўлиб АҚШнинг Стандартлар ва технологиялар миллий институти томонидан аккредитацияланган iBeta лабораторияси томонидан тегишли сертификациядан муваффақиятли ўтган MyID тизими ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, Coursera платформасида Ўзбекистон меҳнат бозори учун зарурий кўникмаларга эга кадрларни тайёрлашга сармоя киритаётган дунё мамлакатлар рейтингида биринчи ўринни эгаллаганини алоҳида таъкидланди.
Қайд этиш керак, тадбир доирасида Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан қисқа мулоқоти бўлиб ўтди. Самимий суҳбат чоғида Пан Ги Мун Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрганини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокараларни мамнунлик билан эсга олди. У, шунингдек, мамлакатимизда бугунги кунда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.