“Ҳар бир йигитнинг уйида оти бўлсин”
“Қорабайир зотли отлар ёшларимиз учун ғурур тимсоли”
Ш.М.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5213-сонли Қарорига асосан, Сурхондарё вилоятида 2021 йил 01 октябрь кунидан Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби ҳамда Президентимизнинг “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5212-сонли Қарорига асосан вилоятда Чавандозлар мактаби ўз фаолиятини бошлади.
Мактабларда “Замонавий бешкураш”, “Поло”, “Тентпеггинг”, “Конкур”, “От пойгаси”, “От устида кураш”, “Улоқ-кўпкари” бўйича секциялар ташкил этилган. Миллий гвардия Қорабайир мактабининг ўзида от спортининг 3 та турида (“Улоқ-кўпкари”, “Конкур” ва “Поло”) 12 та секция ташкил этилган ва унда жами 354 нафар ёшлар ва ўсмирлар машғулотларга жалб қилинган.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг барча туманларида 15 та секциялар фаолияти ташкил этилиб, мазкур секцияларда 360 нафардан зиёд от спортига қизиқувчилар шуғулланмоқда. Жами вилоятда от спорти бўйича 27 та секциялар фаолият олиб бормоқда.
Чавандозлар мактабида эса, 10 та секция ўз фаолиятини олиб бормоқда. Чавандозлар мактабида жами 16 бош отлар, улардан 6 таси “Қорабайир”, 5 таси “Ахалтекин”, 2 та “Гоновер”, 1 та “Владимир” ҳамда 2 та “Пони” зотли отлар парвариш қилиниб, ёш чавандозларни тарбиялашда хизмат қилмоқда.
Қорабайир отлари маҳорат мактаби 2021 йил октябр ойида 36 бош от билан ўз иш фаолиятини бошлаган. 2022 йилда 8 бош бия қулунлаб, 2023 йил бугунги кунга қадар 16 бош бия қулунлади.
Ҳозирда мактабда жами 60 бош Қорабайир зотли отлар мавжуд.
Қорабайир зотли отлар иштирокида миллий от спорти турлари, бўйича мусобақалар ташкил этиб келинмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг Қарорига кўра, ҳар йили «Наврўз» умумхалқ байрами арафасида Сурхондарё вилоятида Қорабайир зотли отлар иштирокида халқаро чавандозлар мусобақаси ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, 2022 йилнинг март ойида Мактаб базасида илк маротаба Халқаро улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди. Халқаро мусобақада Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерацияси вакиллари ва жамоалари ҳам қатнашди.
2023 йилнинг март ойида Мактаб базасида II-Халқаро улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилиб, унда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари ва жамоалари қатнашди.
Бундан ташқари, от ёрдамида даволаш мумкин бўлган жами 27 та касалликларнинг рўйхати тасдиқланди, мазкур рўйхат асосида Сурхондарё аҳолисини даволаш учун мактабларда иппотерапия маркази ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Шунингдек, «Ҳар бир йигитнинг уйида оти бўлсин» шиори остида Қорабайир зотли отларнинг тарғиботини олиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, маҳаллаларда, ҳар бир мактабларда моҳир чавандозлар ҳамда от мактаби мураббийлари томонидан, бу шиорнинг замирида от ҳар бир хонадонга ризқ олиб келувчи ва от эгасига ризқ тиловчи жонзот эканлиги, ҳар бир от минган эр йигитни ориятли, ғурурли, мард ва чинакам ўғлон бўлиб етишида катта аҳамият касб этади, қолаверса, бу тилсиз жонивор ҳеч қачон эгасини тарк этмаслиги ҳаттоки уни жангда ҳам ташлаб кетмаслиги, ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишда унга қанот бўлиши борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятда қорабайир зотли отларни кўпайтиришдаги статистик маъмулотлар таҳлил қилинганида, бугунги кунда хўжаликларда 15 782 бош от парвариш қилинмоқда.