ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда аҳоли қачон маҳаллий кўмир билан таъминланиши маълум бўлди

«Ўзбеккўмир» АЖ томонидан 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжлари учун 882 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган. Бу ҳақда жамият директорининг биринчи ўринбосари Алижон Мираҳмедов маълум қилди.

Фото: «Ўзбеккўмир» матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, «Ўзбеккўмир» томонидан 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика ижтимоий соҳа объектларига 518 минг тонна, аҳоли эҳтиёжлари учун 882 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган.

Ижтимоий соҳа объектларига кўмир юклаш ишларини бу йил ҳар галгидан анча барвақт − 1 апрелдан бошланди. Айни пайтда жамият томонидан кунига ўртача 3 минг тонна кўмир юклаб жўнатилмоқда. 2022 йил 27 июль ҳолатига бюджет ташкилотлари учун 326,3 минг тонна маҳаллий кўмир ортиб юборилди. Кўмир тарқатиш ишлари айниқса Самарқанд ва Хоразм вилоятларида намунали ташкил этилмоқда», — дейди Мираҳмедов.

Республика бюджет ташкилотларини куз-қиш мавсуми учун кўмир билан тўлиқ таъминлаш ишларини 15 сентябрга қадар якунлаш, аҳолини маҳаллий кўмир билан таъминлашни эса 31 декабргача тугатиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, республика бюджет ташкилотлари ва аҳоли учун мўлжалланган маҳаллий кўмир БР-2 маркали бўлиб, фракцияси 0-300 миллиметрни, кулчанлиги 17 фоизни ташкил этади.

Маълумот учун, «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан 2022 йилда истеъмолчиларга 4,8 миллион тонна кўмир етказиб берилади. Биринчи ярим йиллик давомида 2,4 миллион тонна (прогнозга нисбатан 97,1 фоиз) кўмир қазиб чиқарилган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 110,4 фоизга тенгдир.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan