Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини янада ошириб бориш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш киритилган эди.

Шу асосида ўтган давр мобайнида юртимизда ННТларнинг ўрни ва фаолиятини юксалтириш йўлида қатор ишлар амалга оширилди.
Биргина Сурхондарё вилоятида ННТларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йили вилоят ҳокимлиги томонидан Нодавлат нотижорат ташкилотларини фаолиятини мустаҳкамлаш учун бино қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур бинода фаолият кўрсатаётган “Барқарор ҳаёт” маркази турли маҳаллий ва хорижий лойиҳаларни амалга ошириш орқали нафақат Сурхондарёда, балки республика миқёсида хам етакчи саналади.
Бугунги кунда марказнинг Тошкент ва Наманган вилоятларида ҳам филиаллари очилган бўлиб, Президентимиз томонидан чиқарилаётган қарор ва ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда катта хисса қўшиб келмоқда.

Халқаро шартномалар ва конвенцияларга асосан, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, чет мамлакатларда қонуний ишлаш учун керакли ҳуқуқий билимларини ошириш, одам савдосини олиш мақсадида марказ ходимлари томонидан бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, “Барқарор ҳаёт” маркази Каритис Франция ташкилотининг “Қирғизистон, Ўзбекистон, Арманистон ва Россияда ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали мигрантлар ҳуқуқлари муҳофазаланганлигига кўмаклашиши” лойиҳаси доирасида “Мигрант мактаби” шиор қилиниб, Термиз Халқаро Аэропорт МЧЖда Термиз–Москва, Термез-Санкт-Питербург рейсларида кетувчи аҳолига ахборот, маълумотлар бериб борилмоқда. Шунингдек, Термиз шаҳридаги авиакассаларда ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоялаш, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси давлатимиз ҳимоясида экани ва бу Бош қомусимизда мустаҳкам ифодасини топганидан далолат.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра ва бевосита назорати остида хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларимизга кўмак бериш, уларни мамлакатимизга қайтариш ҳамда жамиятимизга тўлақонли мослашишини таъминлаш бўйича “Меҳр” инсонпарварлик операциялари амалга оширилиб келиняпти. Уларнинг юртдошларимиз каби одатий тинч ҳаётга мослашиши учун марказнинг ижтимоий ходимлари, психолог ва юристлари кенг жалб қилинган ҳолда талайгина ишлар амалга оширилди.

Жумладан, можаро зоналаридан, биринчи навбатда Сурия ва Ироқдан қайтган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун Европа Иттифоқи ва БМТ кўмаги асосида учинчи мамлакат фуқароларини БМТ томонидан глобал даражада қўллаб-қувватлашда иштирок этиш лойиҳаси доирасида Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё вилоятларида болалар ва оилаларга психоижтимоий реабилитацион хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Шу асосида 31 та оила, 115 нафар болаларга бирламчи ва мажмуавий баҳолаш ўтказилиб, ҳар бир она ва болага индивидуал тарзда ҳаракатлар режаси тузилиб, хизматлар кўрсатилди. Бу хизматлар асосан психоижтимоий, таълим, соғлиғини мустаҳкамлаш, ўзлаштириши ва мослашувига кўмаклашишдан иборат бўлди. Ҳамкор ташкилотлар билан бирга уларнинг реалибитация ва реинтеграция жараёнлари ҳамжихатликда олиб борилди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида “Сурхондарё вилояти, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи қуролли ҳудудлардан қайтиб келган оилаларни реабилитациясига кўмаклашиш жамиятга мослаштириш жарёнларини амалга ошириш” лойиҳаси доирасида репотриант оилаларга ижтимоий ходимлар томонидан хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.
Бундан ташқари марказ Германия Федерал Ташқи ишлар Вазирлиги, Deutsche Gesellschaft fur Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH ва Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги филиали кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмни олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишига қарши барқарорлигини ошириш орқали зўровон эстремизмни олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

-Ушбу лойиҳа асосида воҳадошларимизга аёллар сартарошлиги иши, эркаклар сартарошлиги иши, тикувчилик иши, қандолатчилик курслари ташкил қилинган бўлиб, ўрганиш мутлақо бепул амалга оширилмоқда, – дейди марказ раҳбари Олия Ильмуродова. – Натижада аёллар сартарошлиги иши бўйича 2 нафар битирувчи гўзаллик салонларига ишга жойлашди. 14 нафар битирувчи ўз уйида пуллик хизмат кўрсатмоқда. Эркаклар сартошлиги иши бўйича 8 нафар битирувчи йўналиши бўйича ишга жойлашди. 4 нафар битирувчи уйида ўзини-ўзи банд қилган ҳолда пуллик хизмат кўрсатмоқда. Тикувчилик иши бўйича 8 нафар битирувчи тикувчилик цехларига ишга жойлашиб, 14 нафари уйида аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Қандолатчилик бўйича 4 нафар битирувчи қандолатчилик цехларига ишга жойлашди. 13 нафар битирувчилар эса буюртма асосида байрамлар учун торт ва нон маҳсулотлари тайёрлаб келмоқда. 14 нафар битирувчилар маҳалладаги оилаларга буюртма асосида ўз ишларини ташкил этган.

Шунингдек, “Барқарор ҳаёт” маркази АҚШнинг халқаро ривожланиш дастури асосида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларни амалга оширишга доир “Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури” лойиҳасини амалга оширди. Унда Сурхондарё вилоятининг 14 тумани ҳамда Термиз шаҳри бўйича 8 нафар юрист аҳолига якка тартибда хуқуқий маслаҳатлар, ҳамда маҳалларда тарғибот ишларини олиб боришди.
Бу давр мобайнида 8914 нафар фуқарога хуқуққий маслаҳатлар берилди. Сурхондарё вилоят маҳаллаларда 12926 нафар фуқароларга қонунчилигимиздаги ўзгаришлардан хабардорлиги, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришди.

USAID АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги ва Winrock International нотижорат ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги филиали томонидан «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида Термиз тумани “Малакали мутахасисларни тайёрлаш маркази”да чет элга ишга кетишни режалаштираётган фуқаролар учун “Кетиш олди маълумотлари” мавзусида 6 соатлик семинар-тренинг тадбири ташкил этилди.
“Ноқонуний миграциянинг олдини олиш” шиори остида Термиз Халқаро Аэропорт МЧЖда мигрантларга кенгроқ маълумотлар улашиш мақсадида лойиҳа доирасида электрон маълумотлар жамланган инфокиоска ташкил қилинди.

-Бундан ташқари марказимиз “Ўзбекистонда вақтинча истиқомат қилувчи афғон фуқароларига ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш” лойиҳасини амалга оширишмоқда, – дейди марказ раҳбари Олия Ильмуродова. – Лойиҳа доирасида урф одатларимиз ва анъаналаримиз билан таништириш, қонун хужжатлари мазмунини тушунтириш ва касб-хунарга йўналтириш мақсадида 126 нафар афғонистонлик фуқароларга қандолатчилик иши, эркаклар ва аёллар сартарошлиги, тикувчилик иши, маникюр – педикюр иши курсларга жалб қилинган бўлиб, хунар ўрганишмоқда. Шунингдек, 67 нафар фарзандлари учун чет тилларини мукаммал ўргатиш мақсадида марказда ўзбек, рус ва инглиз тили курслари ахборот ресурс марказида ташкил қилинган ҳолда ўтилмоқда.
Бугунги кунда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги молиявий кўмагида, DVV International Uzbekistan техник кўмаги асосида «БАРҚАРОР ҲАЁТ» халқаро ижтимоий-маърифат марказида “Касбий кўникмалар ҳаёт сифатини яхшилайди” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа асосида аҳоли учун “Замонавий услубдаги миллий сумкалар тикиш”, “Миллий ва Европа таомлари, “Келинлар соч турмаклари ва макияж” курслари бепул ташкил қилинган. Касб ўрганишни истаган воҳадошларимиз ушбу лойиҳа асосида ҳунар ўрганишмоқда.
Жумладан ўтган июнь ойида “Замонавий услубдаги миллий сумкалар тикиш” курсида 11 нафар, “Миллий ва Европа таомлари” курсида 12 нафар, “Келинлар соч турмаклари ва макияж” курсида 12 нафар иштирокчилар ҳунар ўрганишди. Июль ойида эса “Замонавий услубдаги миллий сумкалар тикиш” курсида 9 нафар, “Миллий ва Европа таомлари” курсида 9 нафар, “Келинлар соч турмаклари ва макияж” курсида 8 нафар иштирокчилар ҳунар ўрганишмоқда.
«Барқарор ҳаёт» халқаро ижтимоий-маърифат марказида ёшлар учун янада кенгроқ қулайликлар яратиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун хорижий ташкилотлар ҳамкорлиги ва ҳомийлигида ахборот ресурс маркази фаолият олиб бормоқда. Унда ташриф буюрувчилар чет тилларини ўрганиш учун китоблар, жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари кутубхона жавонларидан ўрин олган. Шу билан бирга, фойдаланувчилар электрон маълумотларни тезкор топа олиши учун замонавий интернет тармоғига уланган компьютерлар ҳам айнан юртдошларимиз учун жойлаштирилди.
Олиб борилаётган бу каби ташкилий ишлар ўз самарасини беришида марказ раҳбари Олия Ильмуродованинг сайи –харакатлари, тажрибаси ва унинг фаолиятини “Барқарор хаёт” марказининг ННТ сифатида нафақат республика бўйича балки Марказий Осиё бўйича етакчилар орасида намуна бўлаётганлигини таъкидлаш лозим. Биргина БМТ томонидан Марказий Осиёдаги ННТлар фаолияти таҳлил қилинганда “Барқарор хаёт” маркази томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар юқори баҳоланиб, энг яхши ННТ сифатида эътироф этилди.
Айнан БМТ бошчилигида Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистон тажрибасини ўрганишмоқда. Шунингдек, халқаро конференцияларда унинг иштироки ва Ўзбекистон тажрибаси нуфузли ўринга эга бўлиб бормоқда. Шу асосида марказ фаолияти билан танишиш мақсадида хорижий меҳмонлар ташриф буюришмоқда.
Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Инсон – жамият – давлат” лойиҳаси доирасида тайёрланди.