ЖАМИЯТ

Мажбурий обунага мажбурлашдими? Ноқонуний талабни видеога олинг!

Республикамизнинг айрим ҳудудларидаги асосан бюджет ташкилотларда ҳам обуна учун мажбурий тарзда пул йиғилаётгани ҳақида кўплаб хабарлар келиб турибди.

Бу йил мажбурий обуна ҳақидаги чиқишларни бироз камайтирган эдик, отга қамчи босганча яна эски «ҳунари»ни бошлабди бу «мафия».

Нима ҳам дердик, бу иллат билан журналистлар шуғулланиб, асло барака топмайди. «Зиё, маърифат, маънавият ҳоказоларни тарқатяпмиз», деган буюк баҳона бор ўртада.

Бориб ўрганганда ҳам ўша муттаҳам раҳбарлар кўзини лўқ қилганча қасам ичадики, «асло бундай бедодликка йўл қўймадик, ҳаммаси чики-чики», деб.

Яна бир масала: нега бизга мурожаат қилаётган ўша норози одамлар ўз норозилигини ундан ноқонуний пул талаб қилаётганларга очиқ билдиришмайди?!

Ноқонуний талабни видеога олинг! Фотосуратга туширинг! Аудиосини билдирмасдан ёзиб олинг! Фейсбукка, Телеграмга ўз номингиздан қўйинг! Қўлингиздан келадими? Журналист қай бирларинг учун югурсин?!

Йўқ! Улар бу вазиятда ўзини четга тортиб, аноним қолишни афзал билишади. Чунки муттаҳам раҳбарларнинг кўзига ёмон кўриниб, ишидан, ўқишидан, савдосидан, бало-баттаридан айрилгиси келмайди.

Лекин мушоҳада қилинг: сизнинг ҳақингизни вақт ва пул сарфлаб биров ундириб бермайди-ку?! Нега сизнинг чўнтагингизга сиздан берухсат қўл суқаётганларга индамасдан қўйиб беряпсиз?!

Агар чиндан ҳам қўрқсангиз, яна бир йўли бор.

Агар мажбурлаб, сизни норози қилиб мажбурий обунага пул талаб қилиб олишдими — сиз ҳам охиригача боринг: «Майли, мен обуна бўламан», денг-да обуна учун квитанцияни талаб қилиб олинг!

Сўнг ҳафтама-ҳафта, ойма-ой обуна бўлган ҳар бир нашрингизни талаб қилинг. Ўқимасангиз ҳам, ўша нашрни ҳожатхонада ишлатсангиз ҳам.

Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчиларга ёзинг. Бошқа ташкилотларга ёзинг. Ҳар бир мурожаатингизга ёзма жавобни йиғиб боринг, телефон орқали берилган жавобларни «запись» қилинг.

Тўғри-да. Пул йиғишга йиғиб қўйишдими, охиригача туриб беришсин. Келгусида бу ғавғога бошини тиқмайдиган бўлишади. Ҳаққингизни талаб қилинг.

Шухрат Шокиржонов