СИЁСАТ

Сайлов-2019: муддатидан олдин овоз беришда қанча фуқаро иштирок этгани маълум қилинди

Бугун, 19 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси котибият мудири Худоёр Маматов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида муддатидан олдин овоз беришда неча нафар фуқаро иштирок этганини маълум қилди.

«12 декабрдан 18 декабрь соат 18:00га қадар сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериши жараёнлари ўтказилди. Жойлардан олинган маълумотларга асосан, муддатидан олдин овоз бериши жараёнида мамлакатимиз бўйича 59 226 нафар сайловчи ҳамда хорижий давлатлардан 89 807 нафар сайловчи ватандошларимиз иштирок этдилар.

Бу мамлакатимиз тарихидаги миллий сайлов тизимида хорижий давлатларда илк бора муддатидан олдин овоз бериш жараёнларининг уюшқоқлик билан ташкил этилганлиги самарасидир.

Ҳали олдинда асосий кун, 22-декабр – сайловда овоз бериш куни турганлигини инобатга олсак, хориждаги ватандошларимизнинг жорий йил сайловларида ниҳоятда фаол ва кўп сонли иштирок этишларининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бундан ватандошларимиз мамлакатда амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотлар ва одилона сиёсатдан рози ва қўллаб-қувватламоқдалар деб хулоса қилишимиз мумкин. Албатта, бу қувонарли ҳол», – деди Худоёр Маматов.