ЖАМИЯТ

ДТМ матбуот анжуманида берган саволи учун журналистдан 200 млн сўм ундирмоқчи

Тасаввур қилинг, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани бўлмоқда. Бир журналист савол берди. Бир вазирлик вакили эса жавоб берди. Кейинчалик умуман бошқа бир давлат ташкилоти матбуот анжуманида савол берган инсонни судга берди. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, шунақаси ҳам мумкин экан.

Давлат тест маркази Газета.уз нашри ҳамда матбуот анжуманида нашр номидан савол берган колумнист Комил Жалиловни судга берибди. ДТМнинг таъкидлашича, матбуот анжуманида берилган саволда тест саволи нотўғри эмиш.

«ОАВни судга бериб бўлмайди, ОАВни судга берган давлат ташкилоти тугатилсин» демоқчи эмасман. ОАВни ҳам судга бериш мумкин ва бу жуда унақа ёмон иш эмас. Телефон ёки бошқа йўллар билан босим қилгандан кўра, бу ўта демократик йўл. Ким ҳақ бўлса, судда ютиб чиқсин.

Аммо давлат ташкилоти ОАВни фақат ўта фавқулодда вазиятлардагина судга бериши керак. Яъни судга беришга сабаб бўлган ҳолат ўта оғир оқибатларни келтириб чиқарган бўлиши лозим. Қолган вазиятларда шунчаки нашр билан боғланиб, раддия беришни сўраши ёки ўз расмий саҳифаларида муносабат билдириши керак.

Хўп, матбуот анжуманида берилган савол нотўғри бўлган дейлик, бало борми судга бериб? Ўша савол ҳамда сайтдаги хабар билан ДТМ портлаб кетдими ёки ўта оғир вазиятга тушиб қолдими? Эътироз билдирилаётган хабарни сайтда атиги 7 минг киши ўқиган экан холос. Шунга судлашиш керакми?

Суд харажатлари, узоқ давом этадиган суд жараёнларида ДТМдан қатнашадиган вакилларнинг иш ҳақи, транспорт харажатлари ва ҳ.к. чиқимларнинг ўзи судга бериш фойдадан кўра зарар эканлигини англатмайдими? Албатта, ДТМ буларни ўйламайди, чунки давлат бюджетидан ҳамда абитуриентлардан олинадиган тўловлардан, яъни халқ пулидан кун кўради.

Шунингдек, давлат ташкилотининг ОАВдан маънавий зарар сўрашинику мутлақо ҳазм қилиб бўлмайди. Бу ўта кулгили ва шармандали ҳолат. Яна қайтараман, ўзи халқ пулидан кун кўрсанглар, яна халқдан маънавий зарар ундиришни талаб қилишга уялмайсизларми? ДТМ тижорат ташкилоти эмаску, ОАВда чиққан хабар туфайли фойдадан қуруқ қолган бўлса.

Хорижда давлат ташкилотлари ОАВни судга берса (бунақаси кам учрайди), рамзий 1 доллар талаб қилади. Чунки давлат ташкилотининг мақсади суд орқали фақат ҳақиқатни аниқлаштириш бўлади, халқдан пул шилиш эмас.

Агар давлат ташкилотининг раҳбари ёки бирор вакилининг шаъни ва қадр-қиммати топталган бўлса, унда ўша мансабдор ташкилот номидан эмас, ўз номидан судга берса ҳамда маънавий зарар талаб қилса, тўғри тушуниш мумкин. Аммо расман давлат ташкилоти номидан ОАВдан 200 млн сўм талаб қилса, бу шармандалик!!!

Уялинг, Мажит Каримов, уялинг…

Сўзим сўнгида Газета.уз ҳамда унинг колумнисти Комил Жалиловга суд жараёнларида ҳуқуқшунос сифатида беминнат ёрдам беришга тайёрлигимни билдирмоқчиман. ДТМ билан судлашиш бўйича камтарона тажрибам бор. Улар ўтган йили Кун.уз нашрини ҳам ўта кулгили асослар билан судга беришган ва 50 млн сўм маънавий зарар сўрашганди. Ўшанда судда Кун.уз номидан вакил бўлиб қатнашгандим. Суд якуни бўйича ДТМ бир тийин ҳам ололмаган.

Аввал 50 млн сўм эди, энди 200 млн сўмга чиқибди. Ёмон эмас. Ўсиш бор. Балки келгусида 1 млрд сўмгача чиқарсизлар, а, лаббай? Абитуриентлардан ҳужжат топширганлик учун олаётган миллиардларингиз камлик қиляптими дейман?

P.S.: вей, ДТМ директорига судга бериш тўғрисида ким ақл ўргатяпти билмадиму, лекин арзимаган важ учун ОАВ билан судлашиб юргунгача, олдингизда турган минглаб муаммоларни ҳал қилсанглар бўлмайдими? Мана, 2019 йил тугади, лекин ҳалигача келгуси йилда қайси йўналишда қайси фанлардан саволлар тушиши аниқ эмас.

Ёки ўтган йилги тестларда телефон алоқасини тутадиган қурилмалар ишлагани йўқ, абитуриентлар тест пайти бемалол интернетда ўтиришди. Синаш учун ўзим павильонларга бориб, текшириб кўрганимда ҳам ичкарида телефоним ишлаганини яхши биласизлар.

ОАВ ва журналистлар билан судлашгунча, асосий вазифаларингизни қилсангиз бўлмайдими?

Хушнудбек Худойбердиев