ЎЗБЕКИСТОН

Меҳнатни биров қилиб, ҳузурини бошқа кўрадими?

Олтинсой туманида ғалати ишлар бўлмоқда: бировнинг бир неча йиллик меҳнати туман ҳокимлигидаги масъулларнинг эътиборсизлиги ёки бевосита иштирокида бошқа одамларга ўтиб кетаяпти. Президент инсон қадри, деб бот-бот такрорлаётган бир пайтда ҳокимликнинг бепарволиги билан нафақат инсон қадри, унинг кўп йиллик меҳнати ҳам топталяпти. Қандай қилиб дейсизми? Қуйида батафсил тўхталамиз.

2019 йилда туманда яшовчи фуқаро Абдуқаюм Исмоилов раҳбарлик қилиб келган фермер хўжалик тугатилади ва унинг ерлари “Норқобил Менқобилович” ҳамда “Жозибали Замин” фермер хўжалигига қўшиб берилади. Бу жараёнда “Норқобил Менқобилович” фермер хўжалигига 10 гектар ҳамда “Жозибали Замин” фермер хўжалигига 19 гектар ер қўшиб берилган.

Жумладан, туман ҳокимининг 2019 йил 27 апрелдаги қарори билан ҳудуднинг 126-контуридаги ер майдони “Норқобил Менқобилович” фермер хўжалигига ажратилган.

Мазкур ҳудудда токзор ва мевали боғ ташкил этилган. Узоқ йиллик меҳнатнинг самараси сифатида токзор аллақачон хосилга кирган, мевали боғ эса кейинги йилдан хосил бера бошлайди.

Аммо орадан қарийб беш йил ўтиб, 2023-йилда 126-контурдаги 2,6 гектар ер майдони “Жозибали Замин” фермер хўжалиги таркибидан давлат захирасига олинган. Аммо шу кунга қадар мазкур ер майдонидан “Норқобил Менқобилович” фермер хўжалиги фойдаланиб, солиқларни тўлаб келган. Қизиқ, нега орадан шунча йил ўтиб, ер бошқа фермер ҳисобидан захирага олинмоқда?

Буниси ҳам майли, эндиликда мазкур ер майдони – мевали боғнинг 2,6 гектар қисми туман захирасидаги ер майдони сифатида аукцион савдоларига чиқарилган. Эътиборлиси, 8 та лотга ажратилган аукцион савдолари эълонида бошқа бир ҳудуд – ҳеч нарса экилмаган ернинг сурати қўйилган. Бу аукцион савдолари иштирокчиларини очиқчасига алдашми ёки ортида бошқа фириб борми?

Туман ҳокимига қилинган мурожаатлар фойда бермаяпти: масалани жойига бориб, гувоҳлар ва масъуллар иштирокида ўрганиб кўриш, ер майдонини қайта ўлчаб, аниқлик киритиш ҳақидаги мурожаатлар ҳам негадир ортга сурилмоқда. Чунки, аукцион савдолари 24 июл куни бўлиб ўтиши белгиланган.

Президент раҳбарлигида очиқлик, ошкоралик, адолат ўрнатилаётган жамиятимизда биров экканини биров ўриб кетаверадими шунақа? Ёки юқоридаги ислоҳотлар Олтинсойга етиб келмаганмикан ҳали? Ушбу саволларимизга туман раҳбарларидан асосли жавоб кутиб қоламиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan