Қумқўрғон туманида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири Ғ.Зияев иштирокида бўлиб ўтган қабулда вилоят секторлари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Бу ҳақда Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

5 соат давомида тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар, талаб ва таклифлар билан вилоят ҳокимига юзланди. Ҳар бир тадбиркорларнинг мурожаати бирма-бир тингланди. Ўртага ташланган масалаларни ҳал этиш юзасидан соҳа мутасаддиларига бир ҳафталик муддат билан аниқ вазифалар юклатилди.

Давлатимиз раҳбарининг бошчилигида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг амалий ифодаси сифатида бу каби тадбирлар ҳам тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам беришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда.

– Оилавий тадбиркорликни бошлаш ниятидамиз, -дейди Назокат Рахмонова, Қумқўрғон тумани “Дўстлик” маҳалласи фуқароси. – Мусиқа асбобларини ясаш ва сотишни йўлга қўймоқчиман, шу масалада кредит ажратишини сўраб, вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Масалам ижобий ҳал қилиб бериладиган бўлди.

Тадбирда 75 та мурожаат қайд этилиб, тадбиркорлар муаммоларига амалий ёрдам кўрсатилди, мутахассислар томонидан зарур тавсия ва таклифлар ҳам берилди.
