ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Андижондан сўнг, Нукусдаги милиция «ходими»га нисбатан расмий баёнот

Маълумки, Андижон вилоятидаги Ички ишлар органи ходимларининг ноқонуний тарздаги ҳаракатлари бир фуқаро ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган эди. Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органи ходимларига нисбатан салбий муносабатлар кескин тарзда ошиб кетди. Шундан сўнг, Нукусда ҳам Ички ишлар органи ходимининг фуқарога нисбатан ғайриқонуний куч ишлатган тасвири акс этган видеолавҳалар тармоқларда кенг тарқалди.

Ушбу видео юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ расмий баёнот берди.

Жорий йилнинг 14 июнь куни Нукус шаҳри ҳудудида аҳоли орасида карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария эпидемиологик назорати давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Миллий Гвардия ҳамда Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовлардан иборат гуруҳ, соат 11.30 ларда Нукус шаҳри “Х.Абдамбетов” кўчаси бўйидаги “Эски шаҳар” маҳалласи ҳудудидаги автотураргоҳ атрофида текширув ишлари олиб бораётган вақтда, шу ерда тўхтаб турган, “Матиз” русумли такси автомашинаси ҳайдовчиси, Нукус шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро У.М.нинг тиббий ниқобини тақмаган ва такси ҳайдовчилари учун белгиланган махсус комбинезон киймаган ҳолда карантин қоидаларига амал қилмай фаолият олиб бораётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Санитария эпидемиологик назорати давлат инспекцияси ходими суриштирув олиб бормоқчи бўлганда, У.М. ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатиб ўзининг ҳаракатлари билан шу ерда бўлган бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилган. Айнан шу ҳолат видеотасвирда акс эттирилган.

Охир-оқибат вазият барқарорлаштирилиб, қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан баённома расмийлаштирилган.

Ҳозирда, Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan