Сўнгги пайтларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг аксарияти ҳам олийдаргоҳларда ишлаб келаётганлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат.
Лекин, бу борадаги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьялари томонидан Термиз муҳандислик технология институтида судьялар, институт раҳбарияти ва талабалар иштирокида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси И.Шайманов, судьялар Ш.Юлдашев ва А.Бойбиловлар сўзга чиқиб, институтда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келажакда бу борадаги ишларни янада жонлантириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан янада кенг ҳамкорлик қилиш лозимлигини билдирди.

Шунингдек, судлар томонидан чиқарилаётган қарорлар ва ажримларни олий таълим муассасаларида муҳокама этиш орқали уларга жиноят ва жазонинг моҳиятини, жазонинг адолатлилиги ва муқаррарлигини тушунтириш, қонунчилик нормаларини кенг маънода етказиш, жиноятларнинг олдини олишда бошқа усулларга тўхталиб ўтилди.
Ушбу давра суҳбатида содир этилган бир жиноят иши мисолида унинг келиб чиқиш сабаблари, ҳуқуқий оқибатлари, жамиятга таъсири ва жиноят содир этилишининг олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Хусусан, мазкур олийгоҳнинг ўқитувчи бўлган Ш.А томонидан содир этилган жиноят суд томонидан атрофлича ўрганилганида, Термиз Муҳандислик технология институтига алоқадор мансабдорлари томонидан университетда талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини амалга оширмаганлиги ва тегишли тартибда жиноят содир этишга мойил бўлган ишчи-ходимлар билан индивидуал суҳбатлар олиб борилмаганлигидан далолат беради.

Бу каби жиноятларни бошқа ҳолатларга ҳам кузатиш мумкинлиги ҳамда ушбу жиноятларни келиб чиқиш сабаблари ва имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш мақсадида чиқарилган суднинг ҳукми ва хусусий ажрими судьялар томонидан мазкур институт ўқитувчи ва талабалари иштирокида муҳокама қилинди.
Судлар томонидан бу борадаги кенг кўламли ишларни амалга оширишдан асосий мақсад – аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ҳисобланади.
Икром Шайманов, Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси