ХАБАРЛАР

Латвия ҳам Беларусь билан чегарасини мустаҳкамлаяпти

Латвия 11 августдан Беларусь билан чегарада кучайтирилган хавфсизлик режимини жорий қилади. Бу ҳақда Латвия ҳукумати сайтида маълум қилинди.

“8 август куни Вазирлар Маҳкамаси чегара хизматининг 2023 йил 11 августдан 2024 йил 10 февралига қадар Лудза, Краслава, Аугшдаугава округлари ва Даугавпилс маъмурий ҳудудларида олти ой муддатга кучайтирилган иш фаолияти жорий этилди”, дейилади расмий хабарда.

Айтиш жоизки, юқорида санаб ўтилган ҳудудлар Беларусь билан чегарадош ҳисобланади.

Билдирилишича, мазкур буйруқ давлат чегараси дахлсизлигини таъминлаш ва давлатга нисбатан эҳтимолий таҳдиднинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, Латвия-Беларусь чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари, бундай кесиб ўтишга уринишлар ва уларнинг кўпайиши тенденциясини ҳисобга олган ҳолда чиқарилган.

«Бутун минтақа давлатларининг Беларусь билан чегараларини тенг даражада ҳимоя қилиши, уни ноқонуний кесиб ўтишга қарши ягона ва мувофиқлаштирилган халқаро ҳаракатни таъминлаши жуда муҳимдир», дея қўшимча қилинган ҳукумат хабарида.

Маълумот учун, Беларусь бешта давлат – Польша, Литва, Латвия, Россия Федерацияси ва Украина билан чегарадош. “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси Беларусга ўтгани, шунингдек, Россия мамлакатга тактик ядро қуролини жойлаштирганидан сўнг унинг қўшнилари чегарани мустаҳкамлай бошлаган. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan