
Маълумотларга кўра, бугун 1,7 млн ўзбекистонлик чет элда, асосан, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилинди.
“Мамлакат аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи ёшлардан иборатлиги ҳамда йилига меҳнат бозорига 600 мингга яқин ишчи кучи кириб келаётгани мазкур муаммонинг нақадар муҳимлигидан далолат беради”, – дейилган хабарда.
Таъкидланишича, 21 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида мигрантлар масаласига алоҳида урғу берилгани, шу куннинг ўзида Россияда “Ўзбекистон фуқароларининг Россиядаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари” мавзусида ўтказилган Ўзбекистон-Россия форуми ҳам миграция масаласининг минтақадаги аҳамиятини белгилаб берган.