Инсон жаҳолатга юз бурганда у ҳар қандай разилликларга қўл уриши мумкин. Яқинда, Узун туманида содир бўлган ҳодиса, у ҳақда эшитган киши борки ҳаммасини қайғуга ботирди, кимнингдир дилида тавба, бошқасида ғазаб ва нафрат уйғотди. Гап шундаки, туманнинг “Эркинлик” маҳалласи “Бахористон” кўчасида яшаган Вадимовлар оиласида ҳукм сурган жирканч муҳит оқибатида бегуноҳ гўдак 2 ёшли София қотиллик қурбонига айланган.
Мазкур хонадонда Александр Вадимов турмуш ўртоғи Зилола Вадимова 5 нафар фарзандлари ҳамда қайнонаси яшаб келишган. Ўтган йилнинг июль ойида Зилола дугонаси Ўлмасга телефонидан хабарнома юборади. Унда кичкина қизи София ўзининг турмуш ўртоғи Александрдан эмас, бошқа киши, яъни, маҳаллада яшовчи Салим исмли йигитдан эканлигини ёзганди. Ўлмас бу хабарни олганидан кейин ҳеч иккиланмай “Мана хотининг нима ишлар қилиб юрибди ва қизингни ҳақиқий отаси кимлигини билиб қўй” қабилида уни Зилоланинг хўжайини Александрга кўрсатади. Ўзини шу вақтгача Софиянинг отаси ҳисоблаб келган Александр кўнглида алам туяди, хиёнаткорларга нисбатан қасос ўтида ёна бошлайди.
Шу йил 5 сентябрь куни тўсатдан ташқари ҳовлидан 2 ёшли мурғак Софиянинг қаттиқ йиғи овози эшитилади. Уйда Александрнинг ўзигина эди. У ташқарига чиқиб, қизалоқ баландлиги 2 метрга етмайдиган нарвончадан йиқилиб тушганини кўради. Оғриқдан чинқириб ёрдам сўраётган гўдакнинг илтижоли нигоҳлари ғайритабиий ғазабда ёнаётган кўзларга тўқнашди. Александр шаҳд билан келиб, қизалоқни даст кўтаради… ва… уни кўтариб куч билан яна қайта ерга уради. Бир, икки … Софияни беш-олти маротаба кўтариб, ерга уравергач, унинг жони узилганини ва қотил ҳеч нимадан бехабардек уйга қайтиб кириб жим ўтирди.
Софиянинг жасадини кўчадан қайтган бувиси кўради. Гап нимадалигини билмаган аёл шифохонага югурган, дод-вой солган, аммо, бари фойдасиз эди … Александр тергов суриштирувлари жараёнида қилмишини тан олган.
Сурхондарё вилоят ИИБ Матбуот хизмати маълумоти асосида
журналист М.Жабборов