Ер майдонларининг ноқонуний ўзлаштирилиши билан боғлиқ ҳолатлар бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Бу масаланинг нечоғли долзарблигини кўрсатади. Аммо, шундай бир вазиятда, барча эътибор қаратган масалада қонунни четлаб ўтишга ҳаракат қилинишини қандай баҳолаш мумкин.
Жорий йилнинг 21 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда туман прокуратураси ҳамкорлигида фуқаролар А.М. ва М.Бларнинг аризасига асосан тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбирда “Ангор Дарбанд Шамоли” фермер хўжалигининг норасмий иш юритувчиси А.Н тумандаги “Баҳор” маҳалласида жойлашган мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигига тегишли ер майдонининг ҳар сотихини 2 миллион 800 минг сўмдан ҳисоблаб, фирибгарлик йўли билан 20 сотих ер учун 56 миллион сўм пулни олаётган вақтида қўлга тушди.
Маълум бўлишича, А.Н бундан ташқари яна бошқа 2 нафар фуқарога ҳам 40 сотих ер ваъда қилиб “ҳожатбарорлиги” учун 112 миллион сўм сўраган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.