ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Учта вилоятда истеъмолчилар 1 млрд 36 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланди

Келтирилишича, ушбу ҳажмдаги электр энергияси 11,5 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил этади.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, «Ўзэнергоинспекция» томонидан Сирдарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида назорат тадбирлари ўтказилган.

Тадбир давомида Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «I.T» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси электр тармоғига ноқонуний улангани аниқланган. Натижада давлат манфаатларига 783 млн 516 минг сўм (1 млн 741 минг 247 кВт•соат) зарар етказган.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Термиз туманида фаолият юритиб келаётган «S.A.F» МЧЖга қарашли иссиқхонанинг электр ҳисоблагичи нотўғри уланганлиги оқибатида давлат манфаатларига 133 млн 920 минг сўм (297 минг 600 кВт.соат) зарар етказганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, Фарғона вилояти Ёзёвон туманида фуқаро А. Х. га тегишли чорва хўжалиги электр тармоғига ноқонуний уланиб олганлиги, натижада 118 млн 918 минг сўм (264 минг кВт•соат), жами 1 млрд 36 млн 354 минг миқдорида зарар етказганлиги қайд этилган.

Маълумот ўрнида, ушбу ҳажмдаги электр энергияси 11 514 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan