ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Фарзандларингизни гиёҳвандлик балосидан асранг!

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар наркосавдогарларга ўз товарларини сотишлари учун энг қулай платформа бўлиб хизмат қилаётганлиги айни ҳақиқат.

Жумладан “Телеграм” мессенжерида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи канал 2020 йил Россия Федерацияси ҳудудида очилган бўлиб, бугунга келиб Ўзбекистонда унинг вакиллари фаолият юритмоқда.

Хусусан, ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда 2022 йилнинг октябрь ойида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Юнусобод туманида яшовчи, 1998 й.т. шахсни автомашинага мажбурлаб ўтқазиб, овлоқ жойга олиб бориб дўппослаган, 2001-2005 йиллар оралиғида туғилган 3 нафар шахс ушланган.

Аниқланишича, безорилик содир этган ушбу шахслар ва улардан жабр кўрган фуқаро ҳам аслида мазкур канал аъзолари бўлишган.

Гап шундаки, жабрланган фуқаро канал администратори топшириғига кўра, муқаддам белгиланган жойга яшириб кетилган кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини олиб, уни кичик қисмларга бўлган ҳолда, харидорларга етказиб бериш ўрнига, наркотикни ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олган ҳамда уни бошқа интернет канал орқали сотиб, даромад топишни режалаштирган.

Бироқ, хиёнат қилган одами наркотик моддани бошқа жойда сотмоқчи эканлигидан хабар топган канал администратори уни жазолаш учун юқорида тилга олинган фуқароларни юборган.

Ҳозирга қадар бу каби эгасини алдаб, наркотик моддаларни ўзлаштириб олган кўплаб “закладчик”лар жазолаш билан шуғулланувчи, 1995-2005 йиллар оралиғида туғилган 17 нафар шахслар томонидан аёвсиз калтакланган ва бу жараёнлар видеотасвирга олиниб, топшириқ бажарилганлиги ҳисоботи тариқасида махсус каналга жойлаштирилган. Ўз навбатида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи канал администратори ҳар бир топшириқ учун уларга 300-500 АҚШ доллари миқдорида пул берган.

2022 йилнинг октябрь, ноябрь ҳамда жорий йилнинг январь ва февраль ойларида ушбу 20 нафар шахс қўлга олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ушбу шахслар тергов жараёнларига жалб этилган.

Ҳурматли ота-оналар огоҳ бўлинг. Фарзандларингиз тақдирига, келажагига бефарқ бўлманг, уларнинг ижтимоий тармоқлар орқали салбий иллатлар домига тушиб қолишларига асло йўл қўйманг.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan