Барқарор ва сифатли энергия таъминоти мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири. Шу боис кейинги икки-уч йил ичида соҳада амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудларда электр энергияси таъминотида ижобий ўзгаришлар сезилмоқда. Президентимизнинг “2017 – 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Обод марказ» дастури доирасида жорий йил якунига қадар 298 км узунликдаги электр тармоқлари қурилиши ва 125 та трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Маълумот сифатида қайд этамиз, бугунги кунгача 221,3 км масофага электр тармоқлари тортилган бўлса, трансформатор пунктларининг 106 таси янгидан қурилиб ишга туширилди.
Электр тармоқларида амалга оширила бошланган яна бир муҳим янгилик, замонавий ҳисоблагичларнинг ўрнатилаётганлигидир. Энди уйда ўтириб, ўчиб қолган электр энергиясини қайта фаоллаштиришингиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми, жуда оддий. Буни замонавий ҳисоблагич амалга оширади. Тармоқдаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Даставвал, “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси томонидан вилоят марказидаги истеъмолчиларини замонавий электр ҳисоблагичлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Шу тариқа электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич вилоятимизнинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олади. Эслатиб ўтамиз, янги электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ва текшириш, шунингдек мавжудларини алмаштириш электр тармоқлари корхонаси маблағи ҳисобидан, яъни хонадонларга бепул амалга ошириляпти.