ЖАМИЯТ

Нострификациялаш тартиби қандай?

Қонунчиликка кўра хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Бу борада талабгор (яъни ҳужжат эгаси) Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин. Бунда энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда эса йиғим давлат хизматини кўрсатганлик учун белгиланган йиғимнинг 90 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Ҳужжатлар Эксперт комиссияси томонидан кўриб чиқилиб ижобий ёки салбий хулоса берилади. Ижобий хулоса берилган талабгор таълим олган таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича тест синови топширади. Тест натижалари бўйича минимал балл (55 балл ва ундан юқори) олган талабгорнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тан олинади (нострификация қилинади).
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, жорий йилнинг 9 ойи давомида Сурхондарё вилоятидаги давлат хизматлари марказлари томонидан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш бўйича 1594 та мурожаат қабул қилинган.

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати