ЖАМИЯТ

Сайлга чиқиб ишим битди

Ўз ҳақ-ҳуқуқини билган киши жамият равнақи, юрт тақдирига бефарқ бўлмайди. Инсонларга ҳукуқий кўмак бериш, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш эса Адлия органлари олдида турган муҳим вазифалардан бири.
Жарқўрғон туманидаги Маданият ва истироҳат боғида ўтказилган “Ҳуқуқий билимлар куни”да Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, жисмоний ва юридик шахсларга сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
—Бундан икки-уч йил илгари иш юзасидан судланганлик ҳолатимни аниқлашга тўғри келди, -дейди “Эски қишлоқ” маҳалласида яшовчи Ш.Юсупов. —Тўғриси, туманимиздан ишим битмади. Вилоят марказига икки марта бориб-келдим. Ўн икки кун деганда маълумотнома қўлимга тегди. Бесамар кетган вақт етмагандай, бунинг устига ортиқча йўл харажатлари… Энди эса ортиқча сарсонгарчиликлар йўқолибди. Мана бугун истироҳат боғига сайлга чиқиб ишим битди. Туман давлат хизматлари маркази ходимлари судланганлик ҳолатимни аниқлаб, бир зумда тегишли маълумотнома беришди. Бундай қулайлик илгари бўлмаган.
Сайёр хизмат жараёнида фуқароларга жами 23 та, яъни, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, солиқ тўловчининг идентификация рақамини аниқлаш, болани мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш учун рўйхатга қўйиш, судланганлик ҳолатини аниқлаш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш каби масалалар бўйича давлат хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, тадбирда Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи З.Акрамов ҳамда бошқарма масъул ходимлари томонидан аҳоли вакилларига бугунги кунда давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизмат турлари, соҳа оид янгилик ва ўзгаришлар, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича яратилаётган қулайликлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати