Китоб – инсоннинг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур чашмаси бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблайди. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси бўйича мудофаа вазирининг тегишли буйруғига асосан ҳарбий қисмларда ҳафтанинг ҳар чоршанбаси “Китобхонлик” куни деб эълон қилинган. Ана шундай китобхонлик кунларидан бири Термиз гарнизонида бўлиб ўтди.
– Биз бўлинмамиз билан келишган ҳолда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги Ахборот ресурс марказидан ва ҳарбий қисм кутубхонасидан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бўлинмамизга кўчма кутубхона ташкиллаштириб, сафдошларим билан мунтазам равишда бу китоблардан фойдаланиб келмоқдамиз, – дейди гуруҳ командирининг ўринбосари сержант Шуҳрат Жабборов.
– Ҳарбий хизматчиларимизнинг таклифларига биноан карантин қоидалари бўйича вазият енгиллашгандан сўнг “Китоб – келажак пойдевори”, “Ўзим ўқиган ва фарзандим ўқиётган мактабга китоб совға қиламан” шиорлари остида ҳарбий қисмда бир ойда бир маротаба “Китоб савдо ярмаркалари” ўтказишни режалаштиряпман, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Жамол Мирзаев.
Хуллас, ҳарбий хизматчилар жанговар билимларни чуқур эгаллаш қатори маънавий юксалиш сари ҳам доимо қатъий одим ташларкан, бу жараёнда китоб энг ишончли дўст эканини унутмайдилар.
Акбар Аҳмедов