МУЛОҲАЗА

Бир кўза сув

(давоми…)

Ким ҳам бундай совға топа оларди? Ҳақиқатан ҳам, бу кўзадаги ноёб ёмғир суви фақат подшоҳларгагина муносиб!

Бадавий кўзанинг оғзини маҳкам беркитиб, ўзини бир матога ўради-да, уни кўтариб, Бағдод томон жўнади. Кўза синиб-нетиб қолмасин, суви тўкилмасин, деб уни кўз қорачиғидек асрар эди. Кунлар, ҳафталар ўтиб, ниҳоят Бағдодга етиб келди. Излаб-излаб халифанинг саройини топди. Сарой эшигига яқинлашди. Қоровуллар ундан ташриф сабабини сўрадилар.

Бадавий:

– Эй муҳтарам зотлар! Мен бир ғариб бадавийман. Подшоҳнинг лутфидан умидвор бўлиб, саҳродан келдим. Бу совғамни подшоҳ ҳазратларига элтинг, подшоҳдан умидвор бўлган кишининг эҳтиёжларига шу йўсинда жавоб беринг. Бу жуда тотли, ширин сув, уни чўлда ёмғир сувларидан тўпладим. Кўзам ҳам янги, чиройли…, — деди.

Халифанинг мулозимлари аввалига бу содда ва оқкўнгил бадавийнинг устидан роса кулдилар, сўнгра унинг яхши ниятлар билан олиб келган туҳфасини қабул қилиб олдилар.

Сарой орқасидаги сурон солиб оқаётган Дажла дарёсидан бехабар бадавий эса подшоҳдан марҳамат кутиб турарди.

Бадавийнинг сув тўла кўзасини халифа ҳузурига олиб киришган эди, у жуда хурсанд бўлиб, меҳмонни қабулига чорлади. Ундан ҳол-аҳвол сўраб, янги тўнлар кийдирди ва мулозимларига:

-Кўзани олтинга тўлдириб, эгасига қайтаринглар. Уйига эса дарё йўли билан кемада олиб бориб қўйинглар. У бу ерга саҳро орқали келибди. Дажла дарёсининг йўли эса юртига анча яқин. Шу йўлдан қайтсин, — деб амр берди.

Бадавий кемага чиқиб, дарёни кўрганда ҳайратдан саросимага тушиб қолди. Уни ажаблантирган нарса – дарёда шу қадар сув бўла туриб, халифанинг у келтирган сувни олиши эди. Бу ҳолдан Аллоҳга шукр қилар эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan