МУЛОҲАЗА

Кейинги вақтларда ҳеч қандай зарурат бўлмай туриб, хабарларда қўлланаётган сўзларга диққат қиламиз

Администрация – бу сўз эски лотин тилидан олинган. Ҳолбуки, луғатимизда “Маъмурият” деган жуда гўзал сўз бор. Ўрнига қараб, “Бошқарув” деб қўлласа ҳам бўлади. Бу икки сўз кўзланган маънони, яъни “муассаса, корхона, ташкилот раҳбарлари мажмуи”ни тўлиқ ифодалайди.

Департамент – бу сўз француз тилидан олинган. Бунинг ўрнига “бошқарма”, “идора”, “бирлашма” деган сўзларни бемалол қўллаш мумкин.

Иновация – инглиз тилидан кириб келган, асосан, “ихтиро”, “кашф”, “янгилик” сўзлари билан ифодалаш мумкин.

Иновацион – бу сўзни “ихтироли”, “ихтирога оид” деган сўзлар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “ихтироли ғоялар”, “ихтирога оид мақсадлар”, “ихтироли технологиялар”. Умуман олганда, бу атаманинг аниқ ва чиройли муқобилини топиш мумкин.

Интернет – инглиз тилидан кириб келган, “халқаро тармоқ”, “халқаро алоқа тармоғи”, “халқаро алоқа”, “умужаҳоний алоқа” каби сўзлар билан ифодлаш мумкин.

Комиссия – лотин тилидан олинган ва тилимизга кирган. Лекин ҳамма ўринларда айнан шу сўзни қўллаш шарт эмас. Унинг ўрнига “ҳайъат” сўзини қўллаш мумкин. Масалан, “Атамалар ҳайъати”.

Коммуникация – лотинчадан кириб келган; ўрнига қараб 1) “жамламоқ”, “боғламоқ”, “умумлаштирмоқ”; 2) “хабар алмашув (жараёни)”, “маълумот алмашув (жараёни)”; 3) “фикр алмашув”, “алоқа” каби сўзлар билан ифодалаш мумкин.

Концепция – лотинчадан кириб келган; матндаги ўрнига қараб: 1) “низом”, “мақсадлар низоми”, “йўналишлар тизими”, “жамланма тизим”, “яхлит йўналиш”; 2) “бирлаштирувчи тизим”, “жамловчи йўналиш”; 3) “фикр юритиш тизими”; “мақсадлар таркиби”, “қоидалар тизими” каби сўз ва иборалар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “тил сиёсатини такомиллаштириш низоми”. Бу ҳали бир қарашда фикрга келадиган маъноларидир. Диққат-эътибор билан ишланса, тўлиқ ифодалайдиган ўзбекча истилоҳни топиш мумкин бўлади.

Монитор – лотин ва инглиз тилидан келган. Ўрнига қараб, “назорат қилувчи”, “кузатувчи”, “огоҳлантирувчи” каби сўзларни, шубҳасиз, қўллаш мумкин.

Мониторинг – инглиз тили орқали келган; “назорат”, “кузатув” каби сўзлар билан ифодалаш, ўрнига қараб, “огоҳлик ҳайъати” деб ишлатиш мумкин. Масалан, “Кузатувни амалга ошириш”, “Назоратни белгилаш”, “Огоҳлик ҳайъатини қўйиш” каби.

Мораторий – лотинчадан келган, уни “тўхтатув”, “камайтирув”, “тўхтатувчи”, “секинлаштирувчи”, “камайтирувчи” каби сўзлар билан бемалол ифодалаш мумкин.

Орган – эски юнон тилидан келган; “идора”, “муассаса”, “ташкилот” каби сўзлар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “давлат идоралари”, “давлат ташкилотлари” “давлат муассасалари”, “ҳокимият идоралари”.

Термин – “атама”, “истилоҳ”, “мафҳум”, “муълама” каби сўзлар билан алмаштириш мумкин. Бу сўзлар илмий китобларимизда ҳозирги кунда фаол ишлатилмоқда.

Штат – немис тилидан кириб келган; “иш ўрни” (ишўрни), “хизмат ўрни”, “хизмат таркиби”, “лавозим” каби сўзлар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “10 та иш ўрни бирлиги”.

“Маҳкама” деган сўз аслида ҳукм қилинадиган жойни, “олий суд”, (“трибунал”) деган маъноларни англатади. Барча луғатларда бу сўз ана шу маънода қўлланган. Кейинги даврда умуман, “бошқарма”, “идора” деган маъноларда қўлланмоқда. “Вазирлар маҳкамаси” дегани “Вазирлар ҳукмхонаси” (ёки “Вазирлар қозихонаси”) деган маънони билдиради. Бу даргоҳ номини ҳали ҳам яхши томонга ўзгартиришга имкон бор. Масалан, “Вазирлар Кенгаши” – қандай чиройли ном.

 

Мирзо КЕНЖАБЕК,

“Парчаланмас бир диёр – ўзбек тили” мақоласидан

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan