Uncategorized

Олий таълим муассасаларидаги яширин “ўйин”лар номли мақола юзасидан

Куни кеча халқ хизмати йўлидаги ҳамкасбимиз десам ҳам бўлади, Муҳаммад Валиевнинг ижтимоий тармоқларда “Олий таълим муассасаларидаги яширин ўйинлар” номли мақоласи омма ҳамда янгидан ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ҳавола этилди. Балки аввалроқ бўлганда эътибор қилмасдим ёки ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлишини ўйлаб ўзларигагина муносабатларимни билдириб қўярдим. 

Аммо ҳозирги пандемик шароит туфайли кўплаб фуқароларимиз қийналиб турган бир шароитда бу каби асоссиз фикрлар одамларда норозилик кайфиятини кўчайтириши, эндигина юзи ёруғ бўлиб, қаддини кўтараётган олий таълим тизими ҳақида фикрлари салбий томонга ўзгаришига олиб келишини ўйлаб эътирозларимни билдирмоқчиман.

Тест синовлари муддатлари қарийб бир ой қилиб белгиланганлиги, ижодий имтиҳонлар шаффоф ва бошқа вилоят комиссиялари томонидан ўтказилаётганлиги, магистратурага қабул, ўқишни кўчириш ва тиклаш каби жараёнлар онлайн республика миқёсида бўлаётгани, ғазначилик тизимининг самарали назорат фаолияти ўзини билган раҳбар ва жамоаси учун айни муддао бўлди. Аниқроғи коррупцияга йўл қўйиш мумкин бўлган жараёнлар олий таълим муассасаларидан бегоналаштирилиб борилмоқда.

Агар муаллиф таълим сифати ва долзарб муаммолари ҳақида эътирозлар билдирганларида ва асосли таклифлар берганларида қабул қилардик ва умумий мақсад йўлида фойдаланар эдик.

Фикрларимни таълим муассасаси раҳбари сифатида қабул қилишингизни сўрардим. Ҳар ҳолда ҳалқимиз сизу биздан фикрларимиздаги ҳар бир сўзимизни қонунчилик тарозисига қўйишимизни талаб қилади.

Балки кимдир аввалроқ бўлган муаммоларни санагани ёдингизда қолиб кетгандир ёки оз сонли муассасаларда бу каби унсурлар қолиб кетгандир, аммо 3-4 қовун пишиқлар ўтди, қонунчилигимиз ва фаолиятимизда кўплаб ўзгаришлар бўлди, иш ҳақларимиз етарли даражада оширилди.

 

Жумладан

1. Олий таълим муассасалари ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тўлиқ ОТМ раҳбарияти томонидан монополлаштирилгани, ОТМ худудида овқатланиш масканлари, канцелярия ва компьютер хизматлари, нашриёт, қўшимча маблағ келтирувчи фаолият юзасидан ижара пулларни шартномада кичик миқдорда кўрсатиш, амалда эса қолган суммани нақд ҳолатда ўзлаштириш жараёни:

Жавоб: Давлат тасарруфидаги ОТМ ҳудудида жойлашган юқоридаги объектларни ижарага бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низом, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 февралдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қоидалари асосида амалга оширилади.

Мазкур норматив ҳужжатлар қоидаларига кўра, ушбу турдаги мулкларни ижарага берувчи – Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Давлат мулкини ижарага бериш марказлари ҳисобланади (низомнинг 2-банди, 2-хатбоши). Демак ушбу қоидадан кўриниб турибдики, ҳеч бир давлат тасарруфида бўлган ОТМ муассасаси ушбу объектларни ўзи мустақил ижарага бера олмайди.

Шунингдек, Президент фаромонига асосан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.

Демак, ОТМ ўзига тегишли ҳудуддаги кўчмас мулк объектларини ижарага бериш юзасидан ҳеч қандай ваколат ва ҳуқуқларги эга эмас.

Ижара тўловини аниқлаш – “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бобида кўрсатилган қоидалар асосида амалга оширилиб, бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўлови ставкаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тақдим этган ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ижаранинг энг кам ставкалари ҳисоб-китоби асосида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган энг кам ставкалардан кам бўлиши мумкин эмас.

Бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳисоб-китоблари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳар йили 1 ноябргача тайёрланади ҳамда келишиш учун Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этилади, улар ўн иш куни мобайнида уларни келишадилар ёки қайта ишлаш ва кейинчалик Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг мулоҳазалари ва таклифлари олинган санадан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда келишишга киритиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига қайтарилади.

Жорий йилнинг 15 декабридан кечикмай бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўлови энг кам ставкаларининг келишилган ҳисоб-китоблари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тасдиқлаш учун юборилади.

Демак ОТМ ҳудудидаги кўчмас мулк объектларини ижарага беришда ижара ҳақини белгилаш бўйича ОТМ ҳеч қандай ваколатга эга эмас.

ижарага олувчи – ушбу Низомда белгиланган шартларда ва тартибда ҳамда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо натижаларига кўра давлат мулки бўйича ижара шартномасини тузган юридик ёки жисмоний шахс ҳисобланади.

2. ОТМларни таъмирлаш ва янги бинолар қурилиши учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш, таъмирлаш учун зарур бўлган маҳсулотларни тендер хужжатларини сохталаштириш, ўзига “қарашли” фирмалар томонидан тендер ютиб олинишини таъминлаш, қурилиш материаллари учун ажратилган маблағларни “таниш” корхоналарга пул кўчириш йўли билан (нархлари оширилган ҳолда) сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиш жараёни:

Жавоб: ОТМларини таъмирлаш, янги биноларни қурилиши билан боғлиқ ишлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида” қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 ноябрдаги “Тендер савдоларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Ушбу норматив ҳужжатлар талабларига кўра, ушбу йўналишдаги барча давлат харидлари жараёнлари автоматлаштирилган бўлиб, бу жараёнлар қуйидаги электрон платформалар: dxarid.uzex.uz; eshop.uzex.uz; ecatalog.uzex.uz орқали амалга оширилиши мажбурий ҳисобланади.

Ушбу платформларда ОТМ харажатлар сметасида белгиланган маблағлар доирасида товар (иш, хизматлар)ни харид қилиш ҳақида эълон сўровномани жойлаштиради.

Автоматлаштирилган тизим ушбу талаб юзасидан энг арзон ва мақбул таклиф берган етказиб берувчи ёки хизмат кўрсатувчи билан шартнома тузишни амалга оширади.

Шунингдек, ОТМларни реконструкция қилиш ҳамда уларга янги биноларни қуриш ваколати тўлиғича – ягона буюртмачи инжиниринг компанияларига юклатилган.

Тендер хужжатларини сохталаштириш, ўзига “қарашли” фирмалар томонидан тендер ютиб олинишини таъминлаш имкони йўқ. Сабаби товар ёки хизматларни харид қилиш ҳақидаги эълонлар Ўзбекистон Республикаси товар хом ашё биржасининг электрон платформаси (dxarid.uzex.uz)га жойлаштирилади.

Ушбу эълонда талаб қилинаётган товар ёки хизматлар тўғрисидаги техник топшириқ ва бошқа шартлар тўлиқ акс эттирилади.

Тендер савдоларида қатнашиш истагини билдирган шахслар томонидан юборилган таклифлар ОТМ харид комиссияси томонидан ўрганиб чиқилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори билан тасдиқланган “Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисида”ги Низом талабаларига асосан тендер савдолари ғолиби аниқланади.

3. ОТМларни моддий техник базасини янгилаш мақсадида сотиб олинаётган маҳсулотларни, ОТМ раҳбариятининг яқинлари ва қариндош томонидан асос солинган корхоналардан бир неча баробар қиммат нархларда харид қилиш, техник хизмат кўрсатиш белгиланганидан кўпроқ миқдорда маблағ ажратиш:

Жавоб: ОТМларни моддий техник базасини янгилаш мақсадида сотиб олинаётган маҳсулотларни сотиб олиш ҳам юқоридаги тартиб қоидалар асосида амалга оширилади.

Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:

электрон дўкон, бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари.

Давлат харидлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

4. ОТМ раҳбарлари ўзларига “яқин” профессор-ўқитувчилар ва ходимлар номига пулли мукофот ёзиб, маълум қисмини ўзлаштириш холатлари;

Жавоб: “Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисида” Низом талабларига кўра, ОТМ йиллик харажатлар сметасида штатидаги барча профессор-ўқитувчилар ва ходимлар умумий иш хақи фондига нисбатан 15 фоиз миқдорида рағбатлантирувчи тўловлар учунгина маблағ режалаштирилади.

Ушбу маблағлар ҳисобидан ходимларнинг ҳар ойлик иш ҳақига 15 фоиз устама қўшилса мукофот пули учун деярли маблағ қолмайди.

Бугунги кунда аксарият олий таълим муассасалари ойлик устама тўловни қисқартиш ҳисобига байрам муносабатлари билан барча штатдаги ходимларга мукофот пулларини бериш амалиёти шаклланган. Ушбу мукофот пуллари ҳар бир ходимга иқтисод қилинишига қараб 100,0 минг сўмдан 500,0 минг сўмгача бўлиши мумкин. Олий таълим муассасаси ректорлари ўзларига “яқин” профессор-ўқитувчилар ва ходимларм номига пулли мукофот ёзиб, маълум қисмини ўзлаштириш холатлари мантиқсиз ва ишонарли эмас деб ҳисоблаймиз. Чунки, арзимаган мукофот пули олган профессор ўқитувчи ва ходимлар ушбу маблағни раҳбарият билан бўлишиши мумкин эмас. Боз устига маблағлар тўлиқ пластик карталарга ўтказиб берилади.

  1. Талабалар турар жойларига талабаларни жойлаштириш ҳамда у ердаги ташкилий масалаларга талабалардан қўшимча тарзда маблағ йиғиш жараёни:

Жавоб: ТТЖларига талабаларни жойлаштириш юзасидан бугунги кунда аксарият ОТМларида алоҳида тартиблар жорий этилган. Сабаби, охириги йилларда талабалар сонининг кўпайганлиги ҳамда ТТЖ бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиши билан ифодаланади.

ОТМда ҳар ўқув йилининг бошида талабаларни ТТЖ жойлаштириш юзасидан ректор ёки проректор бошчилигида алоҳида комиссиялар тузилади ҳамда ТТЖга жойлашиш бўйича мурожаат қилган талабалар белгиланган критериялар асосида ажратиб олинади.

Биринчи навбатда, чин етимлар, етимлар, талаба-қизлар пастки курс талабалари ҳамда ижтимоий аҳволи оғир бўлган талабалар жойлаштирилиши назарда тутилади.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқилса юқорида билдирилган ОТМнинг ТТЖ талабалардан қўшимча тарзда маблағ йиғиш тўғрисидаги фикрлар ўринсиз.

Умуман олганда бугунги кунда йирик олий таълим муассаларининг профессор-ўқитувчилари ва ишчи ходимлари сони минг нафардан ошади. Бу дегани, мингдан ортиқ зиёли жамоатчи назоратчи дегани. Ҳозирги очиқ жамиятда раҳбариятнинг берилган ижара объектлари эвазига пул олиши, мукофот пуллардан манфаатдор бўлиши, товар қийматликларни баробарларга қиммат сотиб олиши, энг ачинарлиси талабалар турар жойига талабани жойлаштириш учун манфаатдорлик… 

Хуллас, бу йўналишлардаги қонунчилигимиз билан қайта танишиб, турли сўровлар ўтказиб, ҳолатга холис баҳо берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Муаммоларга келсак, кунлик дуч келаётганим боис келинг ўзим сизга уларни бирма-бир баён этаман, биргаликда таклифлар ишлаб чиқамиз. Чунки мақсадларимиз муштарак, яъни таълим сифати ва қамровини ошириш, давлат ва жамиятга рақобатбардош кадрлар етказиб бериш, устоз ва муаллимлар касбий билим даражасини ошириш бўлиб қолиши керак.

Абдуқодир ТОШҚУЛОВ, 

Термиз давлат университети ректори

Манба: УзА

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan